Ўзбекистоннинг фақат пойтахт, балки ҳудудлардаги шаҳар ва қишлоқларини ободонлаштириш, қиёфасини ўзгартириш учун нафақат республика, балки маҳаллий бюджетдан ҳам маблағлар ажратилмоқда. Айрим ҳолларда фуқаролар томонидан ушбу маблағлар қаерга сарфланмоқда, деган ҳақли савол туғилади. Негаки, қурилиш-ободонлаштириш ишлари баъзи ҳудудларда охирига етказилмай қолмоқда.

Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилувчи бир неча фуқаро Kun.uz таҳририятига мурожаат қилиб, шаҳарнинг айрим кўчалари ва пиёдалар йўлакларини таъмирлаш ишлари охирига етказилмагани, ёритиш чироқлари охиригача ўрнатилмагани, ободонлаштириш учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар қаерга, нима учун сарфланаётганига доир саволларга жавоб ололмаётгани ҳақида мурожаат қилишган. Унда шаҳарнинг Ибн Сино, Улуғбек ва Ҳамид Олимжон кўчаларида таъмирлаш ишлари охирига етказилмай чала қолгани таъкидланади.

Биз муаммо нимадан иборат эканини мурожаатчиларнинг ўзидан эшитиш мақсадида Олмалиқ шаҳрининг «Ибн Сино» маҳалласига бордик ва фуқаролар билан учрашдик.

«Дарахтлар қуриб кетяпти, ҳеч ким эътибор қилмаяпти. Беш-олтита одамнинг югургани билан ҳеч нарса бўлмайди. Ҳокимлик вакиллари халқни эшитса, бирга ишласа, бунақа ҳолатлар бўлмайди, деб ҳисоблайман. Ободонлаштириш бўйича Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан яхши ишлар бошланди. Маҳалламиздаги ўрта кўчалар таъмирланди, лекин кейинчалик бу ўлда-жўлда қолиб кетди. Болалар юриши қийин, чунки ёмғир ёғса сув тўлиб қолади. Балчиқ бўлиб кетади. 2- ва 5-мактабларга боришда жуда қийналишади. Биздаги ички йўлларнинг бирортаси таъмирланмаган. Пиёда йўлаклари таъмирланмаган», - дейди Замира Бердимуродова.

Замира Бердимуродова

«Бу ишлар «Обод маҳалла» дастури доирасида ўтган йили қилиниши керак бўлган, лекин ҳокимият томонидан пул ажратилмади. «Обод маҳалла» бўлиб, кейинги маҳаллага ўтиб кетди. «Абдулла Авлоний» маҳалласи бу йилги «Обод маҳалла» дастурига киритилган, лекин у ерда ҳам ободликдан ҳеч нарса йўқ. Айнан пиёда йўлаклари таъмирланмагани боис, аҳоли ҳаётига хавф туғилмоқда. Нимага? Чунки, йўлак бўлмагани сабабли аҳоли автомобиль йўлидан юришга мажбур бўлмоқда. Йўлга эса, 2та машина зўрға сиғади. Йўлакда кетолмаган пиёда йўлга чиқса, ҳаёти хавф остида қолмоқда», - дея таъкидлайди Ойбек Эрматов.