Вазирлар Маҳкамасининг “Метанолни ташиш, сақлаш ва қўллашда хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Хавфсизлик қоидаларига кўра, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши, шу жумладан ноқулай ва алоҳида меҳнат шароитларида ишлаганлик учун ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар берилиши юзасидан давлат назорати ҳамда текширувини меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ айрим ваколатларга эга бўлган бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Меҳнатга оид муносабатларда ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этишни, меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларида қонун ҳужжатларига риоя этиш бўйича жамоатчилик назоратини касаба уюшмалари ва уларнинг сайлаб қўйиладиган органлари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари, шунингдек ходимларнинг ўзи меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этган шахслар амалга оширадилар.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этилган шахсга ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши учун ҳар ҳафтада камида икки соат иш вақти ажратилади ва бу вақт учун иш жойи (лавозими) бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

Хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланувчи ташкилот белгиланган саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан ишлаб чиқариш назоратини ташкил қилади ва амалга оширади.

Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги” Қонуни, хавфли ишлаб чиқариш объектларида “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлаб чиқариш назоратини ташкил этиш маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат) орқали амалга оширилади.

Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади.

Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.