«Ma’rifat» газетасининг 2015 йил 10 октябрь сонида «Амалий филология истиқболлари ва унинг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун ижросига уйғунлиги» номли мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолада филология илмида долзарб бўлиб турган муаммолардан бири муштарийлар эътиборига тақдим этилган. Унда амалий филология соҳаси ривожланиши жамият ҳаёти заруратидан келиб чиқаётгани таъкидланган. Орадан тўрт йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, муаммонинг аҳамиятлилиги ортган бўлса ортганки, камайган деб бўлмайди. Шу эътибордан Kun.uz муаллиф рухсатига асосан мазкур мақолани жузъий қисқартиришлар билан қайта эълон қилмоқда.

Ўзбек тилидан амалий фойдаланиш самарадорлиги вазифалари

Жамият тараққиётининг маълум бир палласида ҳар бир фан бўйича таълимнинг қайси босқичида нимани, нима мақсадда ва қай йўсинда ўқитиш масаласи умуммиллий муаммо даражасига кўтарилади. Натижада муаммо ечимига жамоатчилик диққат-эътибори қаратилади, тегишли соҳа илмий салоҳияти бу муаммо ечимига йўналтирилади. Таълим мақсади белгиланиб, таълим мазмуни тайёрланади, шунга мувофиқ таълим усули ишлаб чиқилади. 

Ўтган асрнинг 90-йилларига келиб мавжуд она тили таълимининг яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, уни тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги, таълим мақсади, мазмуни ва усулини янгилаш зарурати аён бўлиб қолган эди.

Янги давр билимли шахсгагина эмас, балки билим олиш йўлларини пухта ўзлаштирган, мустақил идрок қилиш кўникмасига эга бўлган онгли фуқарога эҳтиёж сезди. Янги давр талаблари асосида таълимда ижодий тафаккурни ривожлантиришга хизмат қилувчи усулларга устуворлик берилишига қарамасдан, тил қурилиши ҳақида кўп ҳолларда амалий татбиқдан йироқ, кам самарали лингвистик билимлар беришдан иборат эски ва чайир анъана ҳануз сақланиб қолмоқда.

Муболағасиз равишда айтиш мумкинки, бугунги кунда бошланғич синфларда дейсизми, таянч синфлар ёки академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида дейсизми, тил қурилиши бўйича бериладиган билимлар ҳиссаси она тилидан амалий фойдаланиш компетенциясидан анча устунлик қилади. Аҳвол шу даражага етдики, чуқурроқ эътибор берилса, она тили таълими мақсади ижодий тафаккур соҳиби ва тил имкониятини эгаллаган шахсни тарбиялаш эмас, балки тилшунос олимни етиштиришга ўхшаб қолди.

Янги асрда жамиятнинг барча соҳаларини шиддат билан қамраб олаётган глобаллашув жараёни дунё миқёсида тилшуносликнинг ҳам, тил таълимининг ҳам зиммасига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Давр тилдан амалий фойдаланиш самарадорлигини фаннинг ҳам, таълимнинг ҳам асосий вазифасига айлантириб қўйди. Натижада дунё фанида тилнинг ички қурилишини тавсифлайдиган қуруқ назариябозликдан