Жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Парламент сайловлари тайёргарлигини кузатиб бориш учун ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ)нинг 300га яқин вакили жалб этилади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати маълумот берди.

Қайд этилишича, бу илк марта Ўзбекистондаги парламент сайловларини ЕХҲТ ДИИҲБнинг тўлақонли миссияси кузатиб бориши бўлади.

«Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки демократик сайловларни очиқ ва ошкора ўтказишнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу боис, сайловларнинг халқаро кузатуви бутун дунёда тан олиниб, демократик жараёнларни, умумэътироф этилган инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, уларга риоя этилишини таъминлашнинг муҳим вазифаларидан бирига айланган.

Илгари Марказий сайлов комиссияси томонидан мамлакатимизнинг ушбу муҳим сиёсий тадбирни очиқ ва ошкора, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мувофиқ равишда ўтказишга тайёрлигини инобатга олиб, халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) га сайловолди вазиятини ва шу йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарликнинг боришини баҳолаш учун таклифнома юборилган эди.

Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссия (ЭБМ) сайловолди муҳити ва уларга тайёргарлик жараёнини, мамлакатда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. Яқин орада ЕХҲТ Доимий Кенгаши томонидан тўлақонли кузатув миссиясини юборишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича қарор қабул қилиниши билан парламент сайловларига тўлақонли кузатув миссиясини юбориш ниятини билдирди.

Хусусан, ЕХҲТ ДИИҲБ ЭБМнинг ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳасида, шу жумладан валютани тартибга солишни либераллаштириш, виза режимини соддалаштириш ва қўшнилар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, бир қанча сиёсий маҳбусларни озод этиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи кенг кўламли миссияни жўнатиш учун асос бўлади.

Бўлажак сайловлар ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан мамлакатнинг демократияга ўтишидаги муҳим сиёсий воқеа сифатида баҳоланмоқда.

Ҳисоботда сайловлар сайлов қонунчилиги сезиларли даражада янгиланган шароитда ўтиши алоҳида таъкидланган.