Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов Россияни забт этишда давом этмоқда. Кеча «Локомотив»га қарши ўйинда ўзининг илк дублини нишонлаган ҳужумчи жамоасини турнир жадвалида пешқадамга айланишига ёрдам берди. Ўзи эса голлари сонини 7тага етказиб «Крилья Советов» ҳужумчиси Александр Соболевни қувиб ўтиб, тўпурарлар рўйхатида етакчи бўлиб олди. Россиялик журналистлар Элдордан ҳайратда, кимдир унга машҳур ҳужумчиларга яқин нарх белгиласа, кимдир яқин келажакда Англия ёки Германияда бемалол ўйнаб кета олишини тахмин қилмоқда.

«Локомотив»га қарши ўйиндан олдин ҳам яхшигина шов-шув кўтарган ҳужумчимиз ҳақида gol.ru сайтида эълон қилинган материални эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Элдор Шомуродов Россия чемпионатида янги мавсумнинг асосий кашфиётларидан бири бўлиб турибди. У етти ўйинда бешта гол урди («Локо»га қарши ўйиндан кейин 8 ўйинда 7та). Ўтган йили бутун мавсум давомида (26 ўйин) атиги 3та гол муаллифи бўлганди.

Бу ўсишни бошқа жамоалар ҳам пайқашди: ҳужумчи билан ЦСКА қизиқмоқда, «Галатасарой» скаутлари эса, атайлаб, Шомуродовни кўргани Россияга келишди, унга Германиядан таклиф борлиги ҳақида хабарлар тарқалган, ростовликлар Хитойдан келган таклифни эса рад этишган. Бундай клубларнинг эътибори - жуда яхши мақтов. Аммо ҳозирча Шомуродов ҳеч қаерга кетмоқчи эмас. Бор эътиборини «Ростов»га қаратиши ҳақида Шомуродов кўп марта таъкидлади, унинг агенти Қаҳҳор эса, яқинда ЦСКА томонидан бўлаётган қизиқишга муносабат билдирди:

«ЦСКА - Россиянинг энг яхши клубларидан бири, лекин биз мамлакат ичидаги таклифларга эътибор қаратмаяпмиз. Элдорнинг мақсади Европада ўзини синаб кўриш. У ердан ҳам таклифлар бор, лекин биз «Ростов»ни ҳурмат қиламиз ва бу вазиятда қарорни улар чиқариши кераклигини тушунамиз».

Қанотдан жокерликкача

Шомуродовнинг кетишига бош мураббий Валерий Карпин ҳам қарши, айнан унинг қўл остида футболчи муҳим фигурага айланмоқда. Карпин уни Миранчук ва Озмун билан биргаликда лиганинг энг иқтидорли ёш футболчилари эканини айтган ва «мен учун Шомуродов 50 миллион евро туради. У ҳар мавсумда 20дан ортиқ гол уриш учун барча имкониятга эга. Ҳозирча у буни уддалаяпти, меҳнат қилишда давом этиши керак», деб қўшимча қилган.