«Ростов» ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россия премьер-лигасининг 8-турида «Локомотив»га қарши кечган ва 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда дубль қайд этиб, голлари сонини 7тага етказган ҳолда турнир тўпурарлари рўйхатида пешқадамга айланди. «Спорт Экспресс» нашри ростовликлар жамоасига яқин шахслардан ушбу 24 ёшли футболчи ҳақида фикрларини сўраган.
— Шомуродовнинг «фишка»си нимада? Ундан бу мавсумда шундай кўтарилиш кутилганмиди?
Игорь Гамула, «Ростов»нинг селекционерлари менежери:
— Клуб раҳбарлари бу йигитчани вақтида пайқашди, уни «Ростов»га олишди ва аста-секинлик билан асосий жамоага ўтказилди. Умуман айтганда, уни яхши форвардга айлантиришди. Ҳа, унинг ўзи ҳам кўп шуғулланди. У Ўзбекистон терма жамоаси таркибидалигида (2019 йилги Осиё чемпионатидаги иштироки - таҳр.) кўплаб жамоаларнинг скаутлари уни кузатишни бошлашганди — айниқса Осиёдагилар. Мен унга Хитойдан таклифлар бўлганидан хабардорман. У бизда қолгани ва янада ўсгани жуда зўр бўлди. Уни тўғри тарбиялаган Валерий Георгиевич Карпинга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдириш керак.
Ҳозир Элдор рақобатда Сигурдарссонни енгди. Барчаси режа бўйича кетмоқда. Камтар, маданиятли, яхши тарбия кўрган йигит. Унинг «кузирлари»? Иккинчи қаватда жуда яхши ўйнайди. Ҳа, пастда ҳам дуруст. Бирга бир вазиятда алдаб ўтиши мумкин, юқори тезликка эга, дриблинги бор. Умуман олганда, унда Европа даражасидаги ҳужумчи бўлиб етишиш учун барча керакли сифатлар бор. Энг асосийси эса ўз олдига аниқ мақсад қўйган, бутун фикри футбол билан банд бўлган инсон!
Дмитрий Кириченко, «Ростов»нинг собиқ ҳужумчиси ва собиқ мураббийи, Россия чемпионатининг 2002 ва 2005 йилги мавсумларидаги энг яхши тўпурари:
— У майдонда кўп ҳажмдаги ишларни қилади, қора ишларни қилишдан қайтмайди. Қайсар. Сўнгги вақтларда унда голли вазиятлардан фойдаланиш кўрсаткичи жуда юқори. Йигитнинг ўзига ишончи баланд. Бу эса форвард учун энг муҳим жиҳат.
Александр Шикунов, «Ростов»нинг собиқ директори:
— Ўтган йилиёқ бу кўп нарсага қодир, истеъдодли ҳужумчи экани маълум бўлиб улгурганди. Унга шунчаки бизнинг чемпионат шароитларига мослашиш учун вақт керак эди. Ҳозир барчаси ортда қолди. Бу йигит барча керакли сифатларга эга — тезлик, вазиятни ҳис қилиш, у ҳужумлар вақтида вазиятдан узилиб қолмайди. Шуларнинг барчасига қўшимчасига — у катта ҳажмдаги иш бажаради. Бу форвардларда камдан-кам кузатиладиган ҳодиса. «Ростов» тактикани ўзгартирди. Жамоа янада ҳужумкорроқ футбол намойиш эта бошлади— олдинда ҳали кўп имкониятлар турибди.















