Ўзбекистон | 12:14 / 06.09.2019
5868
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ муаммолар маълум қилинди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2019 йил 5 сентябрь куни халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Сессияда таъкидланганидек, вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектларидан 2 189 таси амалда фаолият юритмаяпти. Жами 2 минг 514 та саноат корхонасидан 253 таси ўз лойиҳа қуввати даражасида ишламаяпти, 33 таси эса ишлаб чиқаришни умуман тўхтатган. Мавжуд қувватдан фойдаланиш даражаси паст бўлган корхоналарнинг аксарияти энергия сарфи юқори, маънан эскирган технологиялардан фойдаланилмоқда. Сессияда қайд этилганидек, тадбиркорлар энергия тежамкор технологияларга ўтмаса, корхоналарнинг яшовчанлик коэффициенти йилдан-йилга пасайиб кетаверади. Шунингдек, электр энергияси ва газдаги узилишлар, хомашё етишмаслиги, айланма маблағнинг йўқлиги ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилишдаги тўсиқлар корхоналарнинг тўлиқ қувватда фаолият юритмаслигига сабаб бўлмоқда.

Тадбиркорликни ривожлантиришдаги муаммолар ечими ҳақида сўз юритилар экан, сессияда Навоий вилоятидаги корхоналар билан кичик бизнес субъектлари ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш – ишбилармонларни қўллаб-қувватлашга туртки бўлиши таъкидланди. Бу борадаги имкониятлардан фойдаланиш йўллари кўриб чиқилди.

Сессияда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурининг ижросини таъминлашга ҳам алоҳида урғу берилди. Жумладан, ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббусларини рўёбга чиқариш мақсадида 2019 йилга мўлжалланган мазкур дастур шу кунга қадар вилоятда 48,9 фоизга бажарилганлиги танқид остига олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид