Kun.uz сайтида бироз аввалроқ «Алақўйлиқликлар «Обод қишлоқ» бўйича олиб борилган ишлардан норози: Китоб ҳокимлиги барча ишларни қоғозда бажарганми?» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Унда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги «Алақўйлиқ» маҳалласида «Обод қишлоқ» дастури асосида олиб борилаётган ишлардаги мавжуд муаммолар ёритилганди.
Хусусан, ўтган вақт ичида амалга оширилган ишлар қониқарли эмаслиги, электр симёғочлари ҳолати абгорлиги, кўчалар сифатсиз таъмирлангани ва якунига етказилмагани ўрганишлар асосида қаламга олинганди.

Ушбу мақола юзасидан таҳририятга «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан камчиликларни бартараф этиш ишлари бошлангани ҳақида маълумотнома тақдим этилди.
«Танқидий мақолада келтирилган ҳолатлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан чуқур ўрганилди.
Маълум бўлишича, президентнинг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисидаги қарорига асосан, Китоб туманидаги «Алақуйлиқ» МФЙ 2019 йил «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Қишлоқда жами 25,1 км 0,4-10 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари (418 дона устун) ва 12 дона трансформатор пунктлари мавжуд.
Дастурга кўра, 2019 йилда қишлоқ ҳудудидаги ҳаво электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш, реконструкция-модернизация ишларини бажариш, 2 дона янги трансформатор пункти ҳамда 6,5 км 0,4-10 кВли янги электр узатиш тармоғи қурилиши режалаштирилган.
Ҳозирги кунда Алақуйлиқ қишлоғидаги 10 км 0,4-10 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари ва 12 дона трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, 1,9 км узунликдаги янги ҳаво электр узатиш тармоғи қурилиб, бир дона, қуввати 100 кВАли трансформатор пункти ўрнатилди.
Шунингдек, бир дона янги қуввати 160 кВА бўлган трансформатор пункти келтирилиб, ўрнатиш ишлари бошланди. Ҳозиргача қишлоқ ҳудудида 45 дона янги темир-бетон устунлар ўрнатилиб, 1,6 км узунликдаги 0,4 кВли замонавий (СИП) ва 0,3 км узунликда 10 кВ ҳаво электр тармоғи қуриб битказилди. Қўшимча 55 дона янги темир-бетон устунлар етказилиб, қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Дастур доирасида электр таъминоти юзасидан режалаштирилган ишлар белгиланган муддатларда бажарилиб келинмоқда. Ҳозирги кунда ушбу йўналишда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда ва қисқа фурсатларда барча ишлар амалга оширилади», — дейилади маълумотномада.



















