Иштихондаги мудҳиш қотиллик, бир оиланинг беш нафар аъзоси ўлдириб кетилган жиноят иши юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида баён этилган воқеалар тафсилоти суд мажлисида ўтирган иштирокчиларни титратиб юборгани рост.
6 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Олий суд судьяси Икром Муслимов раҳбарлигида ўтган суд мажлисида ҳукм ўқиб берилди.

Аниқланишича, Иштихон тумани Қумқўрғон қишлоғида яшовчи Ғ.Ташанов қўшниси А.Холбоевнинг узум етиштириб, майиз тайёрлаб сотиш билан шуғулланишидан хабардор бўлгани ҳолда бу хонадонда яшовчи барча оила аъзоларини қасддан ўлдириб, пул маблағларини қўлга киритишни режалаштирилган.
2019 йил 14 май куни Ғ.Ташановнинг хонадонида унинг ҳамтовоқлари жами тўрт киши йиғилган. Жиноят изларини яшириш мақсадида устларидан қўшимча кийимлар ва воқеа жойида бармоқ изларини қолдирмаслик учун қўлларига қўлқоплар кийиб олишган. Жиноят қуроли сифатида 35 сантиметрдан 85 сантиметргача узунликдаги бир нечта темир буюмларни олишган.
Соат 22:30 лар атрофида Холбоевнинг уйи олдига бориб атрофни кузатишган. Холбоев ва унинг оила аъзолари ухлашганига ишонч ҳосил қилгач, 14 майдан 15 май кунига ўтар кечаси соат 00:30ларда жиноий гуруҳ аъзолари ойна ўрнатилмаган дераза орқали ҳовлига кириб, ҳовлидаги бир кишилик каравотда ухлаб ётган, 2002 йилда туғилган Холбоевнинг ўғли И.А., ҳовлидаги сўрида ухлаб ётган, 1974 йилда туғилган (Холбоевнинг турмуш ўртоғи) Х.З. ва оиланинг яна бир ўғли – 2014 йилда туғилган, вояга етмаган И.О.ни олдиндан келишиб олинганидек, уйғониб қаршилик кўрсатмаслиги учун бир вақтнинг ўзида барчасини ўлдириш мақсадида уларнинг юз ва бош қисмларига темир билан қайта қайта уришади.
Бу қотиллик шовқин-сурондан уйғониб, ҳовлига чиққан хонадон эгаси Холбоевнинг кўз ўнгида, ўта шафқатсизлик билан амалга оширилади. Холбоев ўзига ҳужум қилмоқчи бўлган босқинчилардан бирининг кўкрагига тепган, бироқ унинг икки нафар шериги етиб келиб темир билан Холбоевнинг ҳам юз ва бош қисмига уриб ўлдиришган.

Жиноятчилар эр-хотин ва уларнинг икки нафар ўғли вафот этганига ишонч ҳосил қилишгач, пул ва бошқа қимматбаҳо мулкларни излашга киришган ва хоналардан биридаги сандиқдан 22 миллион сўм ва 100 АҚШ доллари топишган.















