Ўзбекистон Республикаси Президенти “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банки, Савдо-саноат палатасининг савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан нақд пулда ва (ёки) банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси – виртуал кассаларни онлайн назорат касса машиналари қаторида жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази” давлат унитар корхонаси онлайн режимида қабул қилинган фискал маълумотларни мустақил ва доимий равишда қабул қилиш, қайта ишлаш, криптографик ҳимоя қилиш ва сақлаш ишларини бажарувчи фискал маълумотлар оператори этиб белгиланди.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
а) тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда:
уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинади;
кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга;
уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади;
виртуал касса дастурий маҳсулотининг асос қисми (базаси) уларга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади;

















