Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида янги сув омбори барпо этилаётганини биласизми? Kun.uz мухбирлари ишлар қизғин кетаётган объектда бўлишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ва улкан қурилиш майдонидан фоторепортаж уюштиришди.

Муҳташам объект Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 майдаги «Самарқанд вилоятида Булунғур сув омборини қуриш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 413-сонли қарори асосида, Зарафшон дарёси сув ресурсларидан фойдаланиш ва Самарқанд вилоятидаги суғориладиган ер майдонларини сув билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида қурилмоқда.



Объект қурилиши «Самарқандқурилишинвест» ДУК буюртмаси асосида, «UzGIP» МЧЖ лойиҳаси билан қурилиш ишлари бош пудратчи — «Ўзсувқурилиштаъминот» республика бирлашмасига қарашли «Зарафшонмахсуссувқурилиш» ДУК томонидан амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 386,8 миллиард сўм бўлиб, ушбу маблағнинг 363,7 миллиард сўми қурилиш ва монтаж ишлари сарфланади. 2019 йилнинг майида бошланган қурилиш ишларини 2021 йилнинг ёзида тугаллаш вазифаси қўйилган. Айни пайтда ишлар графикдан ортда қолмаган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Айни пайтда 267 нафар ишчи, 130 дан зиёд техника қурилиш ишларига жалб қилинган. Ишларни тезлаштириш, харажатларни қисқартириш мақсадида бетон заводи ҳам барпо этилган.

Чунончи, 31 август ҳолатига келиб 70,3 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Биз борган чоғимизда сув омборнинг энг қуйи нуқтасида сув қўйиб юбориладиган қувурларнинг монтаж ишлари кетмоқда эди. Шунингдек тупроқ ишлари бажарилмоқда. Ўнлаб самосвалларга тупроқ юкланиб келинмоқда. Тўғон ости жойларида тупроқни зичлаш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Сув омбор қурилиши ҳудудда жойлаш аҳоли томорқалари ва далаларида сизот сувлари чиқмайдими, деб берган саволимизга қурувчилар ҳамма нарсанинг ҳисоб-китоби олингани, сизот сувларини қочириш мақсадида махсус дренаж коллекторлари аллақачон қазиб тайёрлаб қўйилганини кўрсатиб беришди.




















