Ўзбекистон Республикаси президенти «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилди:

18-модданинг (Ақли расолик) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Жиноят содир этиш вақтида ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) ижтимоий хавфли хусусиятини англаган ва уларни бошқара олган шахс ақли расо шахсдир.

Ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш вақтида ақли норасо ҳолатда бўлган, яъни руҳий ҳолати сурункали ёки вақтинча бузилганлиги, ақли заифлиги ёхуд руҳий ҳолати бошқача тарзда бузилганлиги сабабли ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини англай олмаган ёки уларни бошқара олмаган шахс жавобгарликка тортилмайди.

Ақли норасолик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсга нисбатан суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланиши мумкин»;

қуйидаги мазмундаги 18-1-модда билан тўлдирилди:

«18-1-модда. Ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахснинг жавобгарлиги

Жиноят содир этиш вақтида руҳий ҳолати бузилганлиги туфайли ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини тўлиқ даражада англай олмаган ёки уларни бошқара олмаган ақли расо шахс жавобгарликка тортилади.

Ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахсга нисбатан суд томонидан жазо билан бирга тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланиши мумкин»;

56-модда (Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар) биринчи қисмининг (Қуйидаги ҳолатларда жиноят содир этиш жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб топилади) «ж» бандидаги (ёш бола ёки руҳий касаллиги айбдорга аён бўлган шахсдан фойдаланган ҳолда) «руҳий касаллиги» деган сўзлар «руҳий ҳолатининг бузилганлиги» деган сўзлар билан алмаштирилди;

67-модданинг (Касаллик туфайли жавобгарликдан озод қилиш) биринчи қисми (Жиноят содир этган шахс ҳукм чиқарилгунга қадар ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ва ўз ҳаракатларини бошқара олмайдиган даражада руҳий касалликка чалиниб қолган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади) қуйидаги таҳрирда баён этилди: