Ўзбекистон | 09:55 / 13.09.2019
13222
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида қанча аёл раҳбарлик лавозимида ишлаётгани айтилди

Фото: DPA

2019 йил 11 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ва Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси томонидан “Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда парламент назоратини ўрнатиш масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида республикада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан парламент ва жамоат назоратини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.   

Бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида ишлаётгани иштирокчилар томонидан эътироф этилди. Шунингдек, Олий Мажлис Сенатида – 17 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида – 21 нафар депутат хотин-қизлар фаолият олиб бормоқда. Маҳаллий кенгашларда эса, халқ вакилларининг 23 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Йиғилишда депутатлар томонидан, давлат раҳбари томонидан Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисидаги нутқида бу каби масалага алоҳида тўхталиб, бир қатор таклифларни илгари сурганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ушбу таклифлардан келиб чиқиб, ўтган қисқа давр ичида иккита янги қонун, яъни “Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди.

Давра суҳбати давомида қайд этилганидек, мазкур чоралар гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларни дискриминация қилинишининг барча шаклларига барҳам бериш, зўравонлик қурбони бўлган ёки уларга нисбатан бўлган ҳуқуқбузарликдан жабрланган аёлларга ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда аёллар билан ишлашга ихтисослаштирилган махсус бўлимлардаги ишларнинг ташкил этилиши хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари рўёбига йўналтирилди. Шунингдек, қабул қилинган қонунларда акс эттирилган нормаларнинг бажарилиши юзасидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик жамият ривожига хизмат қилувчи кучли омилдир.        
Бундан ташқари, мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётига тааллуқли бўлган масалалар, мавжуд нормаларнинг халқаро стандартларга мослиги, Ўзбекистон аъзо бўлган соҳага тегишли халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардаги қоидаларнинг миллий қонунчиликка имплементация қилиниши масалалари муҳокама этилди. Депутатлар томонидан берилган таклифлар асосида парламент назорати тартибида мазкур йўналишда амалга ошириладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.      

Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар тингланди ҳамда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, фракция ва комиссиянинг тегишли қўшма қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид