Кўкрак қафасида пайдо бўлувчи кучли оғриқ 5-10 дақиқада ўтиб кетмаса, тез ёрдам чақириш керак.
Стенокардия нима?
Стенокардия — юракка борувчи қон оқими ёмонлашганда кўкрак соҳасида пайдо бўлувчи оғриқ тури. Бу ҳолат артерия томири бирор сабаб натижасида бекилиб қолганда юзага келади. Демак, стенокардия юрак хасталикларидан дарак беради.
Агар ўз вақтида муаммога эътибор қаратиб даволанилса, ҳеч қандай кўнгилсизликлар кузатилмайди. Бироқ стенокардия — белги, сиз келгусида юрак хуружини бошдан кечиришингиз мумкин. Шунинг учун ҳам унга бепарво бўлиш мумкин эмас.
Стенокардия қандай аниқланади?
Яна бир бор таъкидлаймиз, асосий аломат бу кўкрак соҳасида оғриқ ва у баъзи ҳолларда елка-бел соҳаси, қўллар, бўйин, жағ ва елка оғриқлари билан ўхшашиб кетади. Аммо одатда сизда стенокардия рўй берганини тушунишга йўл берувчи бошқа белгиларни ҳам учратишимиз мумкин. Улар қуйидагича:
- кўкрак соҳасида босим, оғирлик ёки ачишиш;
- нафас қисиши;
- кўп терлаш;
- кўнгил айниши;
- бош айланиши;
- ҳолсизлик.
Агар шу каби аломатлар рўй берса, кардиолог ҳузурида бўлинг ва сизда стенокардиянинг тури, қанчалик хавфлилиги ҳақида маълумот олинг.
Стенокардиянинг қандай кўринишлари мавжуд?
Асосий 2 хил тур бор. Келгусидаги даволаш жараёни шунга мувофиқ белгиланади.
1. Стабил стенокардия
Унинг аломатлари секинлик билан, босқичма-босқич ривожланади. Одатда улар муайян вазиятлардагина намоён бўлади. Масалан, қаттиқ асабийлашганда ёки зинадан кўтарилаётганда. Ўтиб кетгунга қадар тинчланиш ёки бир неча дақиқа дам олиш зарур.
Стабил стенокардия ўз-ўзидан ҳаёт учун хавф туғдирмайди. Аммо бу сизнинг юрак мушагингизга қон етказиб берувчи артерияларингиз торайяпти дегани. Юрак хуружи рўй бериши хавфи ҳам катталашади.
2. Ностабил стенокардия
Бу ҳолатда, аксинча, белгилар бирдан пайдо бўлади, тинчлик ҳолатида ҳам 30 ва ҳатто ундан узоқ дақиқагача сақланиб қолади.
















