Таҳририятимизга Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида фаолият кўрсатаётган тадбиркордан мурожаат келиб тушди. У «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги 3777–сонли қарорни амалга ошириш доирасида Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги «Шўрчи томорқа хизмати» МЧЖ аҳолига йирик ва майда шохли чорва моллари тарқатиб берган.
Президент қарорига кўра ташкил этилган «Шўрчи томорқа хизмати» МЧЖ директори Бахтиёр Юсупов уни қийнаётган муаммоларни мухбиримизга шундай ҳикоя қилиб берди:

Биз Қозоғистондан йирик ва майда шохли қорамолларни Ўзбекистонга харид қилиб олиб келдик. «Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастурига кўра, банкларнинг берган маълумотномаларига асосланиб, уларни аҳолига тарқатиб бердик. Бизга уч иш кунида тарқатган молларимиз учун банк пул ўтказиб бериши керак эди. Бироқ орадан уч ой (интервью август ойида бўлиб ўтган, бугунги кунга келиб — тўрт ой) ўтган бўлса-да, ҳанузгача банк пул ташлаб берган эмас. Қачон борсак «ресурс йўқ», деб бизни ноумид қайтариб юбормоқда».

Хуллас, қорамоллар фуқароларга етказиб берилган, бироқ Шўрчи туманидаги «Агробанк», «Қишлоққурилишбанк» ва «Халқ банки» филиалларининг мазкур қорамоллар учун тадбиркор олдидаги умумий қарзи 1 миллиард сўмдан ошади.
Тадбиркор бу борада президент порталига ҳам мурожаат қилган. Бироқ, унинг хатларига ҳеч қандай жавоб берилмаяпти ва пулларни қайтариш чораси ҳам кўрилмаяпти.

Банклар ресурс йўқ, деб пул ўтказмаяпти. Лекин аҳолига чорва моллари тарқатишда банклар имтиёзли кредит берувчи ҳар бир фуқаро учун «Шўрчи томорқа хизмати» МЧЖга хат чиқаришган, фуқаролар МЧЖдан чорва молларини олиб кетишган.















