Brent нефти Саудия Арабистонидаги ҳужумлардан кейин 14 фоизга қимматлашди
Brent нефти нархи Лондондаги ICE биржаси очилиши вақтида 13,86 фоизга кўтарилиб, бир баррели учун 69,91 долларга етди.
Савдоларнинг илк дақиқаларида нефть нархи ундан ҳам юқорилаб, 71,95 долларни ташкил қилган. Охирги марта ушбу нефть 22 майда 71 доллардан қимматроқ турган.
WTI нефти 11,23 фоизга қимматлашиб, нархи 61,79 долларга етган.
Кейинроқ Brent нархи 67,67 доллар даражасида ўрнатилган.
Нефть нархи Саудия Арабистонидаги нефть объектларига дронларда ҳужум қилингандан кейин кўтарилмоқда. Saudi Aramco давлат нефть компанияси заводларига ҳужум оқибатида компаниянинг нефть олиш ҳажми ярмига – 5,7 млн баррелга қисқарган.
Бу орада АҚШ президенти Дональд Трамп ҳужумдан кейин бозордаги вазиятни барқарорлаштириш учун АҚШдаги стратегик нефть захираларидан фойдаланишга рухсат берди. У бу қарори ҳақида твиттерда маълум қилган.
“Нефть нархига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳужумлардан кейин зарурат бўлса бозорни нормал даражада таъминлаш учун етадиган ҳажмда стратегик нефть захирасини қўллашга рухсат бердим”, деб ёзган Трамп.
Трампнинг айтишича, АҚШ Ар-Риёддан ҳужум ортида ким тургани борасидаги фикрларини кутмоқда ва шундан келиб чиқиб ҳаракат қилади. “Саудия Арабистони нефть тармоғига ҳужум қилинди. Биз буни ким қилганини тахмин қилишимизга асос бор, биз тўлиқ жанговар тайёргарликдамиз ва барчаси ушбу тахминимизнинг тасдиқланишига боғлиқ бўлади. Бироқ биз қиролликнинг ҳужум ортида ким тургани ва қандай иш тутишимиз кераклиги ҳақидаги фикрини кутмоқдамиз”, деб қўшимча қилган АҚШ президенти.
Мавзуга оид
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:25 / 11.11.2024
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига жўнаб кетди
18:01 / 10.11.2024