Жамият | 12:59 / 16.09.2019
67271
2 дақиқада ўқилади

Ижтимоий сўров: Ҳафтасига қанча миқдорда гўшт истеъмол қиласиз?

10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда мутасаддилар «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ижроси ва моҳияти юзасидан маълумот бериб, ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришди.

Тадбирда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитов шундай деди:

«Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар? Тўғри, озуқа етишмаслиги биринчи сабаб, иккинчидан, бугун биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти. Буни «Америка касаллиги» дейишади, бу касаллик менда ҳам бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ».

Ростдан ҳам халқимиз киши бошига ҳафтасига қанча гўшт истеъмол қилмоқда? Kun.uz бу борада Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказди.

Сўровнома натижаларига келсак, оилалар талаб даражаси ва даромад миқдорига қараб гўшт истеъмол қилишади. Мисол учун 4-5 кишилик оилалар ҳафтасига 1-2 килограмм атрофида гўшт истеъмол қилса, баъзилари ундан кўпроқ, айрим оилалар фақат байрам кунлари гўшт еса, ҳатто ойлаб гўшт емайдиган оила аъзоларига ҳам бор. 

Ижтимоий сўровномада иштирок этган фуқаролар нисбатига кўра, бир фуқаро кунига тахминан 60-70 грамм атрофида гўшт истеъмол қилар экан. Бу статистика рақамлари нисбий бўлиб, миқдор кўпайиши ёки камайиши мумкин.

Қуйидаги видеороликда бу ҳақда батафсил маълумот олишингиз мумкин.

Мавзуга оид