Жаҳон | 17:35 / 16.09.2019
33343
2 дақиқада ўқилади

«Бош вазир бўлсангиз, улар ўта хавфли» — Сноуден амалдорларга WhatsApp ва Telegram’дан фойдаланмасликни тавсия қилди

Фото: EPA/CHRISTIAN CHARISIUS

Америка махсус хизматининг собиқ ходими Эдвард Сноуден амалдорлар WhatsApp ва Telegram мессенжерларидан фойдаланмасликлари кераклигини айтди.

У France Inter радиосига интервью бераётган чоғида журналист Франция бош вазири Эдуар Филипп WhatsApp, президент Эммануэль Макрон эса Telegram мессенжеридан фойдаланишини айтди. Сноуден бунга жавобан, вазирларнинг WhatsApp’дан фойдаланишлари «катта хато» эканлигини таъкидлади. У Facebook компанияси 2014 йилдан мазкур илованинг эгасига айланганини айтди.

«Улар турли ҳимоя даражаларини қатламма-қатлам ўчиришади», - деди у.

Сноуденнинг сўзларига кўра, бу компанияга зарурат туғилганда фойдаланувчиларнинг суҳбат ва ёзишмалари мазмунидан хабардор бўлиш имконини беради.

Шу билан бирга у Telegram борасида ҳам танқидий фикр билдирди.

«Агарда бош вазир бўлсангиз, ҳар икки дастур ўта хавфли», - қайд этди у.

Аммо Сноуден WhatsApp ва Telegram SMS-хабарлардан кўра хавфсизроқ эканлигини эътироф этди.  

У Signal ва Wire мессенжерларидан фойдаланишни тавсия қилди. Сноуденнинг фикрича, бу иловаларда шифрлаш анча яхши.

Сноуден 2013 йилда The Washington Post ва The Guardian нашрларига АҚШ ва Британия махсус хизматларининг интернетда кузатув олиб бориш дастурлари ҳақидаги махфий ахборотни берган. У дастлаб Ҳонгконгга, сўнгра Москвага учиб, у ерда Шереметьево аэропортининг транзит ҳудудида маълум вақт қолишига тўғри келган. 

Россия Сноуденга АҚШга қарши фаолиятини тўхтатиши кераклиги шарти билан бир йилга бошпана берган. 2014 йил августда у нафақат Россия бўйлаб, балки хорижга саёҳат қилишга имкон берувчи 3 йиллик яшаш ҳуқуқини олган. 2017 йилда ушбу ҳуқуқ яна 3 йилга узайтирилиб берилган.

Мавзуга оид