Ўзбекистон | 18:50 / 17.09.2019
16388
3 дақиқада ўқилади

Агросаноат инспекцияси: ўзбек пахтаси жаҳонда кучли бешликка киради

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун, 17 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур инспекция президентнинг 2019 йил 15 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан қайта ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сон қарори билан тасдиқланган Инспекция Низомига биноан пахта хом ашёсини давлат томонидан буюртма қилиш, тайёрлаш, алоҳида қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши устидан назорат қилиш вазифаси Инспекцияга юкланган.

Жорий йилнинг июль-август ойларида Инспекция томонидан 2019 йил пахта ҳосилини қабул қилиш учун 101та пахта тозалаш корхоналари ва 417 тайёрлов масканларининг мавсумга тайёргарлиги, назорат қилинди.

Шунингдек, 2019 йил сентябрь-ноябрь ойларида Инспекция томонидан республика фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган пахта хом ашёсини харид қилиш юзасидан тузилган контрактация шартномалари бажарилиши назорат қилинади.

«Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 13та ҳудудий синов лабораториялари, 101та пахта тозалаш корхоналари қошидаги синов лабораториялари томонидан ишлаб чиқарилаётган пахта толаси, пахта момиғи ва пахта техник чигитининг сифат кўрсаткичларини аниқлаш, уларга ҳужжатлар расмийлаштириш ҳамда ишлаб чиқарилаётган пахта тойлари вазнини ўлчаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбек пахтасининг жаҳон бозоридаги ҳажми ва тола сифати бўйича ўрни қай даражадалиги, харидорлар буни қандай баҳолаши ҳақидаги саволга инспекция ҳузуридаги Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази пахта маҳсулотларини сертификатлаш идораси бўлим бошлиғи Зоҳид Тошматов жавоб берди.

«Ўзбек пахтаси ҳажм жиҳатдан кучли ўнликка, тола сифати жиҳатдан кучли бешликка киради. Бизда пахта етиштириш яхши ривожланган ва бу дунё бўйича эътироф этилади. Пахтамиз толасини эса сифати юқорилиги учун қўшимча ҳақ тўлаб сотиб олишади. Аммо сўнгги йилларда пахтанинг 90 фоизини ўзимизда қайта ишлашни йўлга қўйдик, экспортни кескин камайтирдик», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид