Дастлабки маълумотлар бўйича, 2019 йилнинг январь-август ойларида республика корхоналари томонидан 204,1 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан саноат ишлаб чиқаришининг физик ҳажм индекси 106,8 %ни ташкил этди. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан меҳнат унумдорлиги 5,8 фоизга, саноатда банд бўлган бир кишига саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 113097,3 минг сўмни ташкил этди.

Жами саноат ишлаб чиқариш физик ҳажми ўсишининг асосий омили бўлиб, тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш – 2,3 %га, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноат - 8,4 %га, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш - 2,2 %га ва сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни утилизация қилиш – 3,8 %га ўсиши ҳисобланади. 

Тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш корхоналари томонидан 2019 йилнинг январь-август ойларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлари ҳажми 26,7 трлн. сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 13,1 %ни ташкил этди. 

2019 йилнинг январь-август ойларида ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 163,3 трлн. сўмни ёки жами саноат маҳсулотларининг 80,0 %ни ташкил этди. 

Электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 12,7 трлн. сўмни (жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 6,2 %ни) ташкил этди.  

Сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 1,5 трлн. сўмни (жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 0,7 %ни) ташкил этди. 

Тайёр маҳсулотлар турларини кенгайтириш ва ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошириб келинаётган чора-тадбирлар натижасида истеъмол товарлар ишлаб чиқариш ҳажми 69,1 трлн. сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 16,8 %га ўсишни таъминлади, жами саноатдаги улуши эса 33,9 %ни ташкил этди. 

Ҳисобот даврида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан 61,3 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ҳисобот даврида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши 30,0 %ни ташкил этди.