Осиё тараққиёт банки нега Ўзбекистонга 150 миллион доллар кредит ажратди?
Самарқандда Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирокида пресс-тур ўтказилмоқда. Пресс-тур «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»даги учрашув билан бошланди. Айни дамда Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида янги турдаги «ақлли» элект ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Осиё тараққиёт банки эса айнан мана шу лойиҳа учун кредит ажратган.
Маълум бўлишича, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистондаги бу лойиҳа учун 150 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган. Кредит 25 йилга берилган ва унинг фоизи LIBOR+0,6 фоиз кўринишида бўлади. LIBOR бу инглизча абривация бўлиб (London Interbank Offer Rate) банклараро белгиланган ставка деган маънони билдиради. Бугунги кундаги LIBOR ставкаси билан ҳисобласак, жаҳон банкининг кредитини 3 фоизлик деб қабул қилиш мумкин.
Осиё тараққиёт банки ажратган бу кредит эвазига ҳозиргача 1,2 миллион истеъмолчига бепул «ақлли» электр ҳисоблагичлар ўрнатиб берилган. Жорий йил охиригача яна 2,5 миллион истеъмолчига бундай турдаги смарт ҳисоблагичлар ўрнатилади. 2020 йилга бориб 7 миллион истеъмолчи «ақлли» ҳисоблагичларга эга бўлиши пресс-тур давомида айтилди.
Пресс-турда қатнашаётган хорижлий журналистлар бу қиммат ҳисоблагичлар ниманинг эвазига текинга қўйиб берилаётгани билан қизиқдилар. Республика «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» раҳбарининг ўринбосари Феруз Қурбонов бу ҳақда шундай деди: «Биз ҳисоблагичларни текинга ўрнатаётганимиз бу ишдан зарар кўраётганимизни англатмайди. Уларни ўрнатгандан кейин электр истеъмоли учун тўловлар сезиларли даражада ошди. Бу лойиҳа биз учун ҳам манфаатли бўлгани учун унга қўл урганмиз».
Айни дамда Самарқанд, Бухоро ва Жиззах вилоятларида Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси билан ҳамкорликда «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, бундай турдаги ҳисоблагичлар ҳар қандай яширинча улашлардан ҳимояланган. Улар ўрнатилган ҳудудларда тармоқдаги йўқолишлар миқдори кескин камайган ва тўловлар миқдори ошган.
Янги турдаги ҳисоблагичларга ҳар қандай усулда пул тўлаш мумкин. Хусусан Click, Paynet каби дастурлар орқали ҳам. Бу эса мутахассисларнинг айтишича, тўлов жараёнида қулайлик туғдиради. Ҳисоблагичнинг маълумотлари смс орқали абонетларга юбориб турилади.
«KT Corporation»нинг кореялик мутахассисларига янги турдаги ҳисоблагичлар ҳаддан ташқари сезувчанлиги, улар пультдан ўчирилган, лекин тармоқдан узилмаган «stand by» режимидаги телевизор учун ҳам пул ишлаётгани ҳақида сўраганимизда улар аслида шундай бўлиши кераклигини, ҳисоблагичлар электр қувватининг миқдоридан қатъи назар ишлаши кераклигини айтишди.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024