Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси президентининг "Ўзбекистон Республикаси ягона ахборот сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг ягона давлат ахборот сиёсати Концепцияси ахборот соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга оширишнинг мақсад, вазифалари, тамойиллари, устувор йўналишлари ва механизмларини белгиловчи фикрларнинг ягона ва яхлит тизими ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги миллий манфаатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий ҳолатидан, шахсий ҳаётининг ҳимоясидан қатъий назар инсон ва фуқаронинг ахборот олишга ва ундан фойдаланишга конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти ва давлатнинг ҳамжиҳатликда ишлаш механизмларини, ҳуқуқий демократик ва кучли ижтимоий фуқаролик жамияти шаклланиши учун ахборот бўйича кўмаклашишни таъминлаш;
давлат, жамият ва фуқаро манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатнинг инфраструктураси, телекоммуникация тизимини ва ахборот хавфсизлигини мустаҳкам ва узлуксиз равишда таъминлаш;
экстремистик ва террористик ташкилотларнинг, шунингдек бошқа бузғунчи кучларнинг аҳоли онгига ва хатти-ҳаракатига, айниқса ёшларга таъсир кўрсатадиган салбий ахборот ва ғоясига қарши туриш ва огоҳлантириш;
болаларни уларнинг руҳиятини жароҳатловчи бузғунчи ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, болаларнинг ҳаётига ва соғлиғига таҳдид солувчи жиноятларни акс эттирувчи хатти-ҳаракатларни содир этишга ундовчи ахборотларни тарқатилишига йўл қўймаслик;
миллий ахборот тизимини ривожлантириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жамиятнинг маънавий-ахлоқий, маданий ва демократик қадриятларини мустаҳкамлаш, миллий ўзликни англаш учун шароит яратиш, ватанпарварлик, интеллектуал, илмий-таълимий ривожланиш ва шахс ва жамиятнинг ўз-ўзини англаш мақсадида давлатнинг ягона ахборот маконини шакллантириш;
аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ахборотдан фойдаланиш маданиятини ошириш, қидирув, танлаш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш ва керакли маълумотларни тарқатиш кўникмаларини такомиллаштириш;
ахборот ҳимояси ва ахборот хавфсизлиги соҳасида хизмат кўрсатиш, ахборот хавфсизлигини таъминловчи воситаларни ишлаб чиқариш ва қўллаш учун ходимлар, илмий ва илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш;







