2019 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жорий йил ўтган даврида амалга оширган ишлари ҳақидаги ҳисоботи ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фуқароларимизни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш борасида олиб бораётган ишлари ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, амалда 213 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган, бу прогнозга нисбатан – 122,8 фоизни ташкил этади.

Айни пайтда мамлакатда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган ҳолда, бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси (9,3 фоиз), Андижон (9,3 фоиз), Қашқадарё (9,4 фоиз), Жиззах (9,3 фоиз), Самарқанд (9,3 фоиз), Фарғона (9,4 фоиз) вилоятларида республика кўрсаткичидан юқори бўлиб, ушбу ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринлари яратиш борасидаги ишлар депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.

Парламент аъзолари аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича кўрсатилаётган хизматларга ҳам эътибор қаратдилар. Жорий йилда меҳнат органлари томонидан 526 мингдан ортиқ шахсга хизмат кўрсатилган, бу 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ортган, лекин депутатлар бандлик органларига мурожаат қилувчиларнинг неча фоизининг хоҳиш ва истаклари қондирилгани, қанча аҳоли мурожаатлари ижро этилмагани билан қизиқдилар.

Шунингдек, жорий йилда илк бор меҳнат бозорига ҳам субсидия ва грант бериш тартиби жорий этилган. Ҳозирги кунда жами 6,3 млрд. сўм миқдорида иш берувчиларга, ишсиз фуқароларга, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламига ва томорқа ер эгаларига субсидиялар берилган. Натижада 6 минг 346 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланган ҳамда 250 млн. сўм ажратилган грант маблағлари эвазига 246 нафар ишсиз фуқаро касбга ўқитилган.

Йиғилишда депутатлар вазирлик томонидан ўз-ўзини банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш ва меҳнат стажи юритилишини таъминлаш, Давлат солиқ органлари билан ҳамкорликда яширин иш ўринларини легаллаштириб, расмий секторга ўтказиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек, йиғилишда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директорининг фуқароларимизни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги ахбороти ҳам эшитилди.