Еврокубокларнинг илк турлари ниҳоясига етиши билан, эртасига, миллий чемпионатларнинг навбатдаги турига старт берилди. Зерикиш йўқ, бугундан ўйинлар давом эттирилади, яқиндагина биз Европа майдонларида кўрган клублар навбатдаги синовда саф тортишади. Биз эса, анъанамизга содиқ ҳолда, дам олиш кунлари учун анонсни тақдим этамиз.

ЛЕСТЕР - ТОТТЕНҲЭМ (21 сентябрь, 16:30)

Премьер Лигадаги бугунги футбол оқшоми жуда қизиқарли учрашув билан бошланади. Янги мавсумда анча сифатли ўйин кўрсатаётган икки жамоа ўзаро тўқнаш келади. 5 турдан сўнг, ҳар икки жамоа бир хил - 8тадан очко тўплашган.

Мутахассислар, Брендан Рожерснинг жамоасига катта баҳо беришмоқда ва ҳатто ўйин сифатида бўйича, топ-6 даражасига яқин дейишмоқда. Буни натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Айниқса, айнан олтиликдаги жамоаларга қарши сафарда тўп сурганига қарамасдан, «Лестер» рақибдан устунроқ ҳаракат қилди. «Стемфорд»да дуранг қайд этилган бўлса, «Олд Траффорд»да фақат пенальтидан урилган гол эвазига мезбонлар ғалаба қозонишди. Бу ўйинларда «Лестер» тўпни назорат қилиш, вазиятлар яратиш борасида грандлардан устун келди.

«Тоттенҳэм» бироз ёмон кайфиятда бўлиши мумкин. Сабаби, лондонликлар Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичинин биринчи турида «Олимпиакос»га қарши учрашувда 2 гол фарқи билан олдинда бораётиб, ғалабани қўлдан чиқарди. Дарвоқе, «шпорлар»нинг ҳафта ўртасида еврокубокларда майдонга тушгани ҳам «тулкилар» учун қўл келиши мумкин.

Таркиблар борасида «Лестер» сафида ҳали ҳам Мэтью Жеймс шерикларига ёрдам бера олмайди. Меҳмонлардан эса, Жованни Ло Чельсонинг сафга қайтишига бир ой бор. Аммо бошқа бир янги футболчи - Райан Сессеньон машғулотларга киришгани жамоа мухлислари учун яхши хабар бўлиши мумкин.

МИЛАН - ИНТЕР (21 сентябрь, 23:45)

Милан дербиси. Италия чемпионати ихлосмандлари учун ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ. Лекин ҳар икки жамоанинг мавсумни яхши бошлашгани, яъни турнир жадвалидаги мувозанат нуқтаи назаридан ҳам ҳар бир очконинг муҳимлиги ўйинга қўшимча кескинлик тақдим этиши шубҳасиз.

Айниқса, «Интер» алоҳида эътиборда бўлиб турибди, чунки кўпчилик уларни ниҳоят «Ювентус» қаршилигини синдириши мумкин бўлган жамоа сифатида кўришмоқда. Сабаби, Антонио Конте Италия футболи учун жуда катта шахс, унинг тажрибаси мавсумни бир маромда ўтказишда қўл келиши турган гап. Таркибга жалб этилган юлдуз футболчилар эса, иккинчи сабаб. Ҳатто буни Маротта ҳам эътироф этди ва Конте бир пайтда Италияда тенгсиз жамоага айлантирган «Ювентус» таркиб борасида бугунги «Интер»дан кучсизроқ бўлганини таъкидлади. Лекин бошқа тарафдан, у пайтларда «Ювентус»нинг рақиблари ҳам ҳозирги «Интер» рақобатчиларидан кучсизроқ бўлганини тан олиш керак.