Жамият | 12:38 / 23.09.2019
16287
2 дақиқада ўқилади

Пиёдалар ўтиш йўлакларига махсус светофорлар ўрнатилиши мумкин

Фото: KUN.UZ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида пиёдалар ўтиш йўлакларига махсус йўлчироқ (светофор)ларни ўрнатиш ҳақида петиция эълон қилинди

Қайд этилишича, пиёдалар ўтиш йўлларида кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилмоқда. Ушбу ҳодисалар кўпроқ икки транспорт воситаси ўртасида учраб туради. Яъни, орқадан келаётган машина пиёдани ўтказиш учун тўхтаган машинани орқасидан етиб олади. Бундай ҳолатларда “ақлли светофор”лар (тугмали) ўрнатилиши ҳам кўп самара бермайди. Бир пиёда учун икки тараф йўлида ўнлаб машиналар тўхтаб туради. Пиёда ўтиб кетганидан сўнг ҳам яшил ёнишини кутиб туриш керак. Бу эса йўлларда ҳаракатни чеклайди. Транспорт воситаларининг кераксиз тўхтаб туришларига сабаб бўлади. 

“Лекин светофор қўйилмаган пиёдалар ўтиш йўлагида тез келаётган транспорт воситаси пиёдани кечроқ кўради. Ёки бошқа транспорт воситалари тўхтаб туриш сабабини тушунмасдан ўтиб кетишга ҳаракат қилишади. Пиёдалар ўтиш йўлларидаги барча йўл-транспорт ҳодисалари шундан келиб чиқмоқда. Шу сабабли, пиёдалар ўтиш йўллари учун йўл чироқларини жорий этиш керак. Буни стандарт светофорлардан фарқи шундаки, у иккита чироқдан иборат бўлади. Қизил ва яшил. Бу фақат тугмачалар орқали ишлайди. Тугмачалар йўлнинг икки тарафида бўлади. Каттароқ йўлларда йўлнинг ўртасига ҳам ўрнатилади”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, пиёдалар ўтиш йўлакларига махсус йўлчироқ (светофор)ларни ўрнатиш таклиф қилинган. Дастлаб, бу таклифни тажриба тариқасида тартибга солинмаган серқатнов пиёдалар ўтиш йўлларида синовдан ўтказиш мумкин экани айтилади. 

Мавзуга оид