Шавкат Умурзоқов: Ўзбекистон хорижий автокомпанияларга ҳам бутловчи қисмлар етказиб бермоқда
«Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқовнинг маълум қилишича, маҳаллийлаштириш корхоналари хорижий автомобиль ишлаб чиқарувчилар конвейерларига автокомпонентлар етказиб бермоқда. Чунончи, Ўзбекистондан дунёнинг 5та қитъасидаги йирик ишлаб чиқарувчилар конвейерларига салмоқли автокомпонентлар етказиб берилмоқда. Жумладан, турли мамлакатлардаги «General Motors» заводларига бутловчи қисмлар етказиб беришдан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари «Lada», «ГАЗ», «УАЗ», 2018 йилдан «Peugeot Citroën» автомобилларида ҳам ишлатилмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Тошкентда автомобилсозлик саноатида маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, шунингдек Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва инвесторлар билан яқин шериклик алоқаларини шакллантириш мақсадида «Маҳаллийлаштириш форуми-2019» номли кенг кўламли тадбир бўлиб ўтмоқда. 24-26 сентябрь кунлари «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан ташкил этиладиган форумда маҳаллий корхоналар қаторида, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Франция, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларнинг 50дан зиёд компаниялари вакиллари қатнашади. Улар орасида Faurecia (Франция), Autoglass Corp (Ж.Корея), Yanfeng Adient (Хитой), Spark Minda (Ҳиндистон), Joyson Safety Systems (АҚШ) ва автокомпонентлар ишлаб чиқарувчи бошқа йирик компаниялар ҳам бор.
Таъкидланишича, тармоқ корхоналарини янада ривожлантиришдаги стратегик мақсад саноат ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча жараёнларда маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришдан иборат. Шу муносабат билан, асосий эътибор автокомпонентлар ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилмоқда.
Ҳозирда, республика автомобиль саноатида бутловчи деталлар ишлаб чиқарувчи 240дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Биргина «Ўзавтосаноат» АЖ тузилмасида юқори технологик автокомпонентлар, автомобиллар, юк техникаси, автобуслар ва бошқа техникалар ишлаб чиқаришга 40дан ортиқ компания жалб этилган.
Мавзуга оид
11:04 / 13.07.2024
Бош вазир ваъдаси ерда, ҳунармандлар эса кўчада қолди. Умрзоқовнинг қарори нега бекор қилинди?
15:26 / 10.07.2024
“Ўзавтосаноат” раҳбари президентга: Хитойликлар билан бюджет моделлар ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришдик
10:27 / 08.07.2024
“Қани СЭС, қани Солиқ?” – Шавкат Умрзоқов пойтахт дўконларидан бирида “рейд” ўтказди
19:27 / 01.06.2024