Халқимиз соғлигини сақлаш, одамларнинг тиббиётдан розилигини таъминлаш — бугунги кунда соҳада юритилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил қилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан кўз юммаган ҳолда, айни пайтда мамлакатимиз аҳолисини, соҳа ходимларини ўйлантираётган, қийнаётган масалалар ҳам ҳали йўқ эмас. Шулардан бири — патронаж хизмати билан боғлиқдир, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадахўжаева.
Билдирилишича, патронаж – аҳолининг тиббий-санитария хизмати борасида алоҳида эътиборга эга бўлган контингентига уйда тиббий ёрдам кўрсатиш тизими ҳисобланади.
Патронаж хизмати тиббий, ижтимоий, психологик ёрдам турларини ўз ичига олган бўлиб, у орқали аҳоли хонадонларида касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф қилиш чораларини кўриш, фертил ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар билан биргаликда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғизлар, ногиронлар, сурункали касаллиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларни тизимли қамраб олиш, кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами ҳолатининг тизимли назоратини олиб бориш йўналишларида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларида тиббий патронаж хизмати умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалари томонидан амалга оширилмоқда. Зарур ҳолларда эса, тор соҳа мутахассислари қўшимча жалб қилинмоқда.
Бугунги кунда патронаж хизматига қатор вазифалар юкланмоқда. Хусусан, аҳолининг саломатлиги тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиш, ҳомиладорлар, ёш болалар, қариялар, ногиронлар ва сурункали касалликка чалинган беморлардан мунтазам уйига бориб хабар олиш, касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, хонадоннинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, аҳолини профилактик, чуқурлаштирилган, мақсадли ҳамда диспансер тиббий кўрикларига чақириш, икки ёшгача бўлган болаларни эмлаш, жазони ўташ жойларидан озод этилганлар, меҳнат мигрантлари, одам савдосидан жабрланганларни профилактик кўрикка жалб этиш, уй шифохона муолажаларини бажариш кабилар шулар жумласидан.
“Тўғри, бугунги кунда аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш бўйича анча мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.
Аммо, ўрганишлар патронаж хизмати фаолиятининг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ қатор муаммо ва камчиликлар ҳам борлигини, уларга барҳам бериш зарурлигини кўрсатмоқда.
Масалан, аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш соҳасида ҳалигача ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмаган. Патронаж ҳамшираларининг юкламалари, улар топширадиган ҳисоботлар ҳаддан зиёд кўп бўлиб, бу уларнинг зиммасидаги вазифаларнинг тўлақонли бажарилишига тўсқинлик қилмоқда.







