Жаҳон | 09:10 / 25.09.2019
15542
2 дақиқада ўқилади

Трамп Зеленский билан суҳбати матнини эълон қилишга рухсат берди

Фото: Jonathan Ernst / Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан июлдаги суҳбатининг таҳрир қилинмаган тўлиқ матнини эълон қилишга рухсат берди. 

«Мен ҳозир БМТда АҚШни билдирмоқдаман. Кеча Украина президенти Зеленский билан суҳбатимнинг тўлиқ, таҳрир қилинмаган матнини эълон қилишга рухсат бердим», деб ёзган Трамп твиттерда.

«Бу жуда дўстона ва ўринли қўнғироқ бўлганига амин бўласиз. Ҳеч қандай босим бўлмаган ва Жо Байден ва унинг ўғли билан боғлиқ воқеадан фарқли ҳеч қандай “сиздан угина, биздан бугина” қабилида иш бўлмаган», деб қўшимча қилган Трамп.

АҚШ президенти Зеленский билан суҳбати атрофидаги вазиятни АҚШ демократлари томонидан олиб борилувчи «жодугарлар ови»нинг давоми деб атаган.

Аввалроқ АҚШнинг бир қатор оммавий ахборот воситалари Трамп Зеленский билан 25 июлдаги суҳбатида украиналик ҳамкасбини Жо Байденнинг ўғли Хантерга нисбатан тергов бошлаш зарурлигига кўндиришга ҳаракат қилганини маълум қилган. 

Байден бу хабарга жавобан Трампнинг Зеленский билан суҳбати матни эълон қилинишини талаб қилган.

АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байден Трампнинг 2020 йилги президент сайловлари бўйича асосий рақиби сифатида кўрилмоқда.

Мавзуга оид