Вазирлар Маҳкамасининг “Республика бўйсунувидаги Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Республика бўйсунувидаги шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 4 июндаги ПФ-5738-сон фармони билан юклатилган аниқ вазифалар ижросини таъминлаш учун Бекобод шаҳрида 2020-2022 йилларда бажариладиган асосий тадбирлар қуйидагилар этиб белгиланади:

биринчидан, Бекобод шаҳрининг Бош режасини танқидий ўрганиб, йўл-транспорт инфратузилмаси, шоҳ кўчалар, кўп қаватли уйлар қурилиши, парклар, булварлар, замонавий савдо марказлари, инфратузилма объектлари ва саноат зоналарини жойлаштириш масалаларини муҳандислик тармоқлари билан биргаликда кўриб чиқиб, таклифларни тайёрлаш ҳамда яқин 3-5 йиллик шаҳарсозлик вазифаларини белгилаб олиш;

архитектуравий қиёфани замонавийлаштириш, кўп қаватли уй-жой фондини сифат жиҳатдан яхшилаш, коммунал хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатишни жорий этиш; 

муҳандислик-коммуникация тармоқлари, хусусан ичимлик суви ва канализация тизимларини қайтадан қуриш, автомобиль йўллари ва ички кўчалар ҳолатини яхшилаш, шаҳар кўчаларидаги массивларда тунги ёритиш тизимларини янгидан замонавий ҳолатга келтириш;

ички ва шаҳарлараро йўналишларда ҳаракатланувчи жамоат транспортларининг янги йўналишларини ташкил этиб, аҳолига сифатли ва қулай транспорт хизматларини кўрсатишни ташкил этиш;

транспорт хизматларини кўрсатувчи янги хусусий корхоналар ташкил этиб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали замонавий жамоат транспорт воситаларини харид қилиш;

иккинчидан, шаҳарда экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли саломатлигига салбий таъсирни камайтириш чораларини кўриш, кўкаламзорлаштириш, дарахтларни ўтқазиш ва яшил майдонлар, гулзорлар ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш;

бунда, мазкур тадбирларни амалга ошириш учун шаҳарларда очиқ ва ёпиқ ер ости суғориш тизимларини барпо этиб, ирригация тармоқларини бугунги кун талабида қайта тиклаш;

учинчидан, ижтимоий соҳа муассасалари ҳолатини яхшилаш, биноларини таъмирлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, жиҳозларини янгилаш, мутахассисларни малакасини ва хизмат маданиятини ошириш орқали кўрсатиладиган хизматлар сифатини кескин ошириб, бу соҳада хусусий сектор улуши кўпайтириш;