Чустда суд қарори ҳамон ижро этилмаяпти. Бош прокурор ўринбосарининг топшириғи ҳавога учдими?
Kun.uz сайтида бир неча ой муқаддам ерини олдириб қўйган чустлик фермер Усубжон Хамдамов сарсон бўлаётгани ҳақида танқидий мақола эълон қилинган эди. Мақолада суд қарори бир йилдан буён Чуст туман ҳокимлиги томонидан ижро этилмаётгани айтилади.
Мақоладан сўнг, Чуст тумани ҳокими суд қарори устидан кассация шикояти берган. Лекин кассация шикоятини бериш муддати ўтказиб юборилгани сабабли суд томонидан шикоят рад этилган эди.
Kun.uz ушбу масалада ўз суриштирувини давом эттирди. Мурожаатчи Усубжон Ҳамдамовнинг сўзларига кўра, суд қарори ҳануз ижрога қаратилмаган, адолатсиз тарзда тортиб олинган ер ҳамон унга қайтарилмаган.
«21 август куни Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев сайёр қабул билан вилоятимизда бўлди. Унга бор масалани тушунтирдим. Мурожаатимни тинглаган прокурор ўринбосари вилоят прокуратураси ва вилоят ҳокимлиги вакилларига суд қарорини ижрога қаратиш кераклиги ҳақида топшириқ берди. Бундан ташқари, шунча вақтдан буён суд қарори ижро қилинмагани учун уларга қаттиқ танбеҳ берди. Ўша куни Чуст тумани ҳокими давлат мукофоти билан тақдирланганди. Шу сабабли, кайфияти яхши эди. Бу ишни ҳал қилишини айтди. Шундан сўнг, туман ҳокими ҳам, вилоят прокуратурасидагилар ҳам бир неча марта масалани ҳал қилиб берамиз дейишди. Лекин, бу воқеалардан 1 ойдан ошиқ вақт ўтди ҳамки, суд қарори, Бош прокурор ўринбосарининг кўрсатмалари бажарилмаяпти. Чустда вазият шундай», дейди фермер.
Шундан сўнг, ҳолат бўйича изоҳ олиш мақсадида Наманган вилоят прокуратурасининг 69-227-07-71 телефон рақамлари орқали боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ бу уринишларимиз зое кетди.
Чуст туман ҳокимлиги суд қарорини писанд қилмаяпти, еридан ажралиб қолган фермер эса ҳамон сарсон-саргардон.
Баҳодир Аҳмедов
Мавзуга оид
19:54 / 19.06.2024
Наманганда опа-сингилни сел вақтида девор босиб қолди
12:02 / 18.06.2024
Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир. Наманганда ҳам деҳқоннинг буғдойи тортиб олиняпти
12:36 / 05.05.2024
Наманганда сохта доллар сотаётган шахс ушланди
17:30 / 20.02.2024