Жаҳон Банкининг рақамли бошқарув бўйича бош консултанти Влад Маноил Ўзбекистонда очиқ маълумотлар бўйича фикр билдирди.

«Ўзбекистонда очиқ маълумотларни тарқатишда сўнгги 3 йилда ижобий ўзгаришлар қилинган бўлса ҳам баъзи давлат ташкилотлари маълумотлар очиқланишига қаршилик билдирмоқда. Афсуски, очиқ маълумотлар дастури айрим давлат органлари томонидан жиддий қабул қилинмаяпти. Шу билан бир қаторда, очиқ маълумотлардан фойдаланувчилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилмаган. Кўриниб турган камчиликлардан бири очиқ маълумотларнинг кўп қисми қоғоз шаклидалиги. Бу маълумотларни таҳрирлаш, анонимлигини таъминлашга тўсқинлик қилади. Очиқ маълумотларни ошкор этмаслик миллий хавфсизлик, киберхавфсизлик, шахс дахлсизлигига таҳдидларнинг олдини олади, дея нотўғри талқин қилинади. Бу соҳада тўғри бошқарув йўлга қўйилмаган».

Влад Маноилнинг қўшимча қилишича, маълумотларнинг очиқлиги томон бошланғич қадамлар ташланяпти, талаблар ошиб боряпти, лекин маълумотларни таҳлил қилишда давлат органларининг имкониятлари чекланган. Очиқ маълумотлар бошқаруви бўйича АКТ соҳаси тўлалигича ривожланмаган. Бунда кадрлар салоҳиятини ошириш талаб этилади.