Ислом молияси телеграм каналида тадбиркорлик фаолиятидаги бизнесдаги тенгшерикчилик ҳақида мақола эълон қилинди. Қуйида ўша мақолани ўқишингиз мумкин.
Мукаммал дунёда шерикчиликдаги бизнес эгалари, яъни ҳамкорлар ўзаро бизнес муносабатларининг ҳар бир жиҳатини ҳисобга олиб, ҳамма нарса ҳақида олдиндан келишиб оладилар ва буни ҳужжатлаштириб қўядилар. Аммо биз яшаётган олам мукаммалликдан йироқ ва бу бизнесда ҳам ўз аксини топади. Тадбиркорликка киришарканмиз шеригимиз билан ҳамма масалаларни қоғозга тушириш у ёқда турсин, оғзаки келишувни ҳам ортга сурамиз ва 50/50 дея бошланган ҳамкорлик муносабатларини боши берк кўчага киритиб қўямиз.
Одатда бундай тенгшерикчилик дўстлар ёки қариндошлар ўртасида бўлади. Аксарият ишбилармонларнинг фикри шундай – энг қулайи икки кишилик тенгшерикчилик. Бунинг бир нечта сабаби бор:
- “битта калла яхши, иккита калла ундан яхши”;
- бизнесга якка киришиш хатарли, икки киши бўлса ҳарқалай хатар ҳам икки баравар камаяди;
- ҳар бир томоннинг ўз кучли жиҳатлари бор (яъни бир томон иккинчи томонни тўлдириб туради);
- ва энг муҳими бизнесга тикиладиган маблағ ҳар бир томон учун икки баробарга камаяди.
Ҳамкорларнинг дўстлиги ёки қариндошлиги кўнгилга таскин беради – ахир ҳаммасини биродарлардек келишиб кетиш мумкин-да. Айниқса, мўлжалдаги лойиҳадан катта фойда келишини тасаввур қилинса борми... хуллас ҳаммаси ажойиб.
Аммо тез орада 50/50 услубининг барча салбий жиҳатлари бўй кўрсата бошлайди. Мисол учун, дўстлардан бири таваккал қилишни хуш кўради, иккинчиси эса, табиатан эҳтиёткор, бир томон оила қуради ва ишга кўп вақт ажрата олмай қолади. Табиийки, иккинчи томонга кўпроқ юк тушади ва албатта у бу ҳолатни ноҳақлик деб ҳисоблашни бошлайди, аста-секин унинг бу ишга қизиқиши сўнади, иккинчи томон аравани бир ўзи тортишига тўғри келади ва ҳоказо.
Келинг, нафақат бизнесни, балки узоқ йиллик қариндош-уруғчиликни ҳам барбод қилишга қодир эҳтимолий зиддиятларни бирма-бир таҳлил қилиб чиқамиз:
1. Вазифалар аниқ бўлиб олинмаган. Ҳар икки томон “ҳамма ишлар” билан баравар шуғулланиб кетаверади. Ким нима иш қилганини тайини бўлмайди. Охир-оқибат томонлар бизнесни ривожлантиришга эмас, ким нима қилганини аниқлаштиришга кўпроқ куч сарфлашни бошлашади;
2. Ўртадаги айланма маблағдан шахсий мақсадлар учун қанча улуш ёки қарз олиш мумкинлиги борасида зиддиятлар келиб чиқади;







