23-24 сентябрь кунлари Европа инвестиция банки вице-президенти Вазил Ҳудак Орол денгизини тиклаш лойиҳаси бўйича Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги билан ўзаро англашув меморандумини имзолаш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ушбу ҳужжат доирасида Европа инвестиция банки Ўзбекистонга 100 миллион евродан ортиқроқ маблағ ажратишни режа қилган.

Kun.uz мухбири мазкур лойиҳа, банк ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда келгусидаги ҳамкорлик режалари ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун ЕИБ вице-президенти Вазил Ҳудак билан суҳбатлашди.

– Aвваламбор, ассалому алайкум, Ўзбекистонга хуш келибсиз.

– Салом, ташаккур.

– Маълумки, Европа инвестиция банки дунёдаги энг катта, кенг тармоқли молиявий институтдир. Банкнинг Европа Иттифоқи ҳудуди ҳамда ундан ташқари минтақалардаги асосий мақсадлари нималардан иборат?

– Чиндан ҳам, айтиб ўтганингиздек, Европа инвестиция банки дунёдаги энг катта халқаро молиявий институт ҳисобланади. Биз ҳар йили ўртача 70-75 миллиард евро атрофида молиявий кўмак ажратамиз. Бу кўрсаткич халқаро майдондаги иқтисодий ҳолатга қараб ўзгариб туради. Биз учун захирада қўшимча маблағ бўлиши муҳим. Чунки у юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий бўшлиқларни тўлдиради.

Тижорат банкларидан фарқли равишда, биз анча фаолмиз ва молиявий кўмак беришга доим тайёр турамиз. Айниқса, иқтисодий ҳолат ёмонлашган вақтларда. Бундай вазиятларда турли муаммолар юзага келади ва тижорат банклари аҳволни яхшилашга қодир бўлмай қолади.

Биз Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан саккиз баробар кўп, яъни айтиб ўтганимдек, йилига 70-75 миллиард евро атрофида молиявий кўмак ажратамиз. Бу борада ҳатто Жаҳон банкидан ҳам олдинда турамиз. Уларнинг йиллик қарз ажратмалари миқдори тахминан 60-65 миллиард евро.

Европа инвестиция банки Европа Иттифоқига аъзо 28та давлатга тегишли. Банк 1958 йилда Европа мамлакатлари иқтисодий ҳолатини яхшилаш мақсадида ташкил этилган ва дастлабки йилларда асосан минтақадаги давлатлар ривожи учун хизмат қилган. Aммо бироз вақт ўтгач, у фаолиятини аста кенгайтириб, Евроиттифоқ ҳудудидан ташқарида ҳам молиявий кўмаклар ажрата бошлаган.

Ҳозирда тахминан ўн фоиз активларимиз, яъни 8 миллиард еврога яқин маблағ ажратмаларимиз Иттифоқ ташқарисидаги хорижий мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.