Бугун, 1 октябрь оқшомида Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 2-тур учрашувлари доирасида 8та ўйин бўлиб ўтади.

А гуруҳи

«Реал»нинг ортиқ қоқилишга ҳаққи йўқ

Реал — Брюгге
Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони. 21.55 (Матч Футбол 1 — 21.40)
Йўқотишлар
«Реал»: Асенсио, Ф.Менди (иккиси — жароҳат), Иско, Марсело (иккиси — сўроқ остида)
«Брюгге»: Баланта, Рицца (иккиси — жароҳат)
Ҳакам: Кабаков (Болгария).

Галатасарой — ПСЖ
Истанбул. «Турк Телеком» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 3 — 23.45)
Йўқотишлар
«Галатасарой»: Эмре Акбаба (жароҳат)
«ПСЖ»: Неймар (дисквал), Дракслер, Кавани, Керер, Шупо-Мотинг (барчаси — жароҳат), Дагба (сўроқ остида)
Ҳакам: Марчиняк (Польша).

1976 йилда, Чемпионлар лигасига ҳали асос солинмаган вақтда — қитъанинг энг яхши клублари Европа чемпионлари кубогида мусобақалашарди. Турнирларда гуруҳ босқичлари бўлмас — барча клублар биратўла плей-офф босқичида иштирок этарди. Ўша мавсумда ноябрь ойида 1/8 финал доирасида «Реал» «Брюгге» билан тўқнашган. 1970-йилларда мадридликлар клуби доимий равишда Испанияда чемпион бўлар, аммо халқаро майдонда омади юришмасди. Пушкаш ва Ди Стефано даражасидаги юлдузлар ўшанда «Реал»да эмасди — «Брюгге»га қарши ўйинда Камачо, Брайтнер, Сантильяна ва дель Боске каби футболчилар майдонга чиқишганди. «Қироллик клуби» ўшанда икки ўйинда бельгияликлар дарвозасига битта ҳам гол ура олмаган, иккита гол ўтказиб юборганди.

Шундан кейин «Брюгге» ва «Реал»нинг йўллари кесишмади, бугунги ўйин эса икки жамоа учун ҳам тарихий ўйинга айланади. Албатта, ҳозирда кучлар нисбати 43 йил аввалгидан бутунлай бошқача. Аммо ўхшашликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, икки жамоа ҳам ўз ички чемпионатида пешқадамлик қилмоқда ва икки жамоа ҳам ўз таъқибчиларидан узоқлашиб кета олмаган — бир очколик фарқ. Шунингдек, «Реал» ҳам, «Брюгге» ҳам — ўз лигаларида ютқазмаган ягона жамоа мақомида.