1 октябрдан 2 октябрга ўтар кечаси Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 2-тури доирасида 4та гуруҳда 8та ўйин бўлиб ўтди.
А гуруҳи
Ўтда ёнмас парижликлар

«Галатасарой» — «ПСЖ» — 0:1 (Икарди, 52).
«Реал» — «Брюгге» — 2:2 (Серхио Рамос, 55. Каземиру, 85 — Деннис, 9, 39). Четлатиш: Формер («Брюгге»), 84.
«Реал»нинг «Брюгге» билан қийин дуранги ҳақида аввалроқ ёзилганди. Европанинг яна бир гранди «ПСЖ» ҳам сешанба куни қийин ўйин ўтказди — парижликлар «Галатасарой» меҳмони бўлишди. Неймар ҳамон баҳордаги қилиғи учун дисквалификация ўтамоқда ва жамоа бразилиялик етакчисисиз қийналмоқда. Бу ўйинда «ПСЖ»нинг ҳужум учлиги Ди Мария, Сарабия ва Икардидан таркиб топди — ўйиннинг 52-дақиқасида Сарабиянинг пасини Икарди голга айлантирди. Бу ёзнинг асосий трансферларидан бири сифатида Парижга келган аргентиналик ҳужумчининг янги клуби сафидаги биринчи голи бўлди.
Бу голдан кейин меҳмонлар ҳисобни сақлаб қолиш учун ўйнашди ва бунга эришишди. Икки ўйинда икки ғалаба ва А гуруҳида ким биринчи ўринни эгаллашига ҳеч кимда шубҳа йўқ.

В гуруҳи
«Шпорлар»: «Арсенал»дан ҳам ёмонроқ

«Тоттенҳэм» — «Бавария» — 2:7 (Сон Хин Мин, 12. Кейн, 61, пенальти — Киммих, 15. Левандовски, 45, 87. Гнабри, 53, 55, 83, 88).
Европа вице-чемпионлари қийин дамларни бошдан кечиришмоқда. «Тоттенҳэм» ички чемпионатда ҳам яхши иштирок эта олмаяпти, жамоа тез-тез очко йўқотмоқда, Англия Лигаси Кубогини тўртинчи дивизион вакилига ютқазган ҳолда тарк этди, энди эса ўз уйида «Бавария» томонидан яксон этилди. Гарчи ўйин Сон Хин Мин меҳмонлар ҳимоясидаги хатодан унумли фойдаланиши билан бошланган бўлсада.




















