«Реал»нинг ўйини яна бир бор Чемпионлар лигасидаги сенсациялардан бири бўлди. Мадридликлар турнирда қаторасига иккинчи бор мағлуб бўлишига бир бахя қолди, аммо жамоа фахрийлари «Брюгге»га қарши ўйинда жамоани мағлубиятдан қутқариб қолишди (2:2).

Чемпионлар лигаси. 2-тур. A гуруҳи
«Реал» (Испания) — «Брюгге» (Бельгия) — 2:2 (0:2)
Голлар: Деннис, 9 (0:1). Деннис, 39 (0:2). Серхио Рамос, 55 (1:2). Каземиро, 85 (2:2).
«Реал» (Мадрид): Куртуа (Ареола, 46), Карвахаль, Варан, Серхио Рамос, Начо (Марселу, 46), Кроос, Каземиру, Модрич, Васкес (Винисиус Жуниор, 67), Бензема, Азар.
«Брюгге»: Миньоле, Клинтон Мата, Мехеле, Дели, Соболь, Вормер, Ритс, Ванакен, Диатта, Деннис (Опенда, 71. Кулс, 87), Тау (Схрейверс, 90+2).
Огоҳлантиришлар: Миньоле, 69. Опенда, 77. Вормер, 78. Азар, 90+2.
Четлатиш: Вормер, 84 (қўпол ўйин, иккинчи с.к.).
Ҳакам: Кабаков (Болгария).
1 октябрь. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони.

Бельгияликлар рекорди
Чемпионлар лигасида биринчи турдан кейин энг ноодатий картина А гуруҳида кузатилаётганди. «Реал»ни сўнгги ўринда кўриш — бу ҳали биргина ўйиндан кейин бўлса ҳам — нонсенс эди. Айниқса «Қироллик клуби» Испания чемпионатида пешқадамлик қилаётган маҳалда. Мадридликлар ички турнирда қаторасига учта турда гол ўтказмасдан ғалабали серия қайд этишди, аммо еврокубокда «ПСЖ»дан аламли мағлубият қабул қилиб олди (0:3).

«Биз фанатлардан қарзимизни қайтаришимиз керак», — деганди ўйиндан олдин Зинедин Зидан. У ўйинлари ўзига ҳеч қачон ёқмаган Бэйл ва Хамес Родригесни ўйинга заявка қилмади. Бу жуфтлик амалда жароҳатидан энди тузалган Иско ва Марселога жойларини бўшатиб беришди. Сафга қайтган икки футболчи ҳам захирада қолишди ва биринчи бўлимни ўз жамоалари мавсумни мағлубиятсиз ўтказаётган «Брюгге»га қандай мағлуб бўлаётганини кузатиб ўтиришди.

Зидан майдонга бир неча кун олдин Мадрид дербисида ўйнаган таркибда фақат икки ўзгариш қилди - Гарет Бэйл ва Федерико Вальверде ўрнида Лука Модрич ва Лукас Васкес ўйинни илк дақиқаларданоқ майдонда бошлади. Бу жамоа сардори Серхио Рамос учун ЕЧЛдаги юбилей - 120-ўйин эди ва у бу борада ўз амплуасида Роберто Карлос томонидан ўрнатилган рекордни такрорлади.

«Реал» 11-дақиқадаёқ гол ўтказиб юборди. «Қаймоқранглилар» «Сантяго Бернабеу»да 2007 йилдан буён бунча барвақт гол ўтказишмаганди. Бу вазиятда дастлаб ҳакам офсайд ҳолатини қайд этди, аммо мезбонлар ҳимояси офсайд тузоғини қўйишда хатога йўл қўйишганди, ВАР гол ҳаққонийлигини тасдиқлади. Чиндан ҳам меҳмонлар яримҳимоячиси Перси Тау қанотда тўғри позицияда туриб тўпни қабул қилган ва тўпни Ванакенга узатган, у эса Деннисни голли пас билан таъминлаганди. Кулгили тарафи бельгияликлар ҳужумчиси тўпга зарба бермаган, у тўпни ўзига бўйсундира олмаган, тўп унинг ўнг оёғига эмас, чап оёғига келган ва ундан узоқлашганди, лекин тўп йиқилишга улгурган Тибо Куртуанинг ёнгинасидан ўтиб кетди. Бельгияликлар Чемпионлар лигасида ҳали бунча барвақт гол уришмаганди.