Жамият | 11:32 / 08.10.2019
10563
4 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳайдовчиларни «Тез ёрдам»га йўл беришга чақирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Тез ёрдам» машинаси баъзида чақирилган манзилга кечикиб етиб бориши ҳолатлари кузатилишига изоҳ бериб, йўллардаги ҳайдовчиларни «Тез ёрдам»га йўл беришга чақирди.

«Ҳаёт синов ва тасодифлардан холи эмас. Кутилмаганда рўй берадиган бахтсиз ҳодисалар, фавқулодда ҳолатлар ёки касалликлар хуруж қилганда ҳар қандай инсон шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлади.Мамлакатимизда бу йўналишда шаклланган замонавий тиббий ёрдам тизими халқимизга тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатишда муҳим омил бўлаётир. Кейинги йилларда ушбу тизимнинг моддий-техника базаси такомиллашаяпти.

Фото: ССВ

Шошилинч тиббий ёрдамнинг тезкорлиги, сифат ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган ишлар ўз самарасини бермоқда. Натижада аҳолининг «тез ёрдам»га ишончи ортмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида биргина Тошкент шаҳри миқёсида «тез ёрдам»га 750 мингга яқин чақириқлар тушган. Бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоиз кўпроқдир.

Бироқ, давлатимиз томонидан яратилаётган замонавий шароитларга қарамай, соҳада ҳали қатор масалалар ҳам йўқ эмас. Масалан, баъзи ҳолларда чақириқ жойига «тез ёрдам»нинг кечикиб бориши масаласи ана шундай баҳсли мунозаралардан биридир. Хўш, «тез ёрдам» нега баъзида кечикади?

Фото: ССВ

— Бунга аксарият ҳолатда йўлларда «тез ёрдам» машинасига йўл берилмаслик ҳам сабаб бўлмоқда, — дейди Шошилинч ва тез тиббий ёрдам масалалари бўйича маҳаллий координатор Обиджон Дилмуродов. —Тараққий этган хорижий давлатларда «тез ёрдам»га йўл бўшатиб бериш бўйича ҳайдовчиларда шахсий масъулият жуда юқори. Биз эса йўлларда кўпинча бунинг аксига гувоҳ бўламиз. Машина чақирув сигналини ёқиб турса-да бунга парво қилмайдиган ҳайдовчилар ҳам йўқ эмас.

Фото: ССВ

Куни-кеча рўй берган бир воқеа бунга мисол: Жорий йил 11 сентябрь куни эрталаб соат 07:25да Тошкент халқаро аэропортидан Call марказга 60 ёшли кишининг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетгани ҳақида чақириқ тушади. Бу маълумот зудлик билан Яккасарой туманидаги 10-бўлимга етказилган. Орадан 1 дақиқа ўтиб, яъни, соат 07:26да «Тез ёрдам» бригадаси чақириқ жойига отланади. Бироқ, Яккасарой тўйхонаси ёнидаги йўл тиқилинч бўлгани сабабли «Тез ёрдам» 5-6 дақиқа туриб қолади. «Тез ёрдам» машинасининг чироғи ёниб, чақириқ сигнали янграб турса-да, машинага йўл берилмайди.

«Тез ёрдам» манзилга етиб борганида аэропорт шифокорлари беморга тиббий ёрдам кўрсатаётган экан. «Тез ёрдам» шифокорлари ҳам дарҳол ишга киришади. Беморда ўпка-юрак реанимацияси муолажалари ўтказилади. Бироқ, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бемор вафот этади.

Фото: ССВ

Шу ўринда, ҳайдовчиларга мурожаат қилиб шуни айтмоқчи эдикки, қадрли ҳайдовчилар, ёнингизда чироғи ва чақирув сигналини ёқиб келаётган «тез ёрдам» машинасининг кўмагига, балки сизнинг яқинларингиздан бири кўз тутиб тургандир. «Тез ёрдам» ошиққан манзил сизнинг хонадонингиз бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас-ку. Қолаверса, кимнингдир фарзанди, отаси ёки онаси, жони-жигарининг ҳаёти қил устида турган бўлиши, сиз озгина ҳиммат қилиб, «тез ёрдам»га йўл берсангиз бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишдек катта савобга шерик бўлишингиз мумкин.

Қадрли ҳайдовчилар, йўлларда ҳайдовчилик маданияти ва масъулиятини теран ҳис этган ҳолда ҳаракатланайлик, хайрли ишларда ҳамиша камарбаста бўлайлик. «Тез ёрдам»га йўл беришга одатланайлик!», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг телеграмдаги канали хабарида.

Мавзуга оид