Ўзбекистон Республикаси президенти “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2022 йил охиригача Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти фаолиятининг қуйидаги устувор йўналишлари ва самарадорлигининг муҳим кўрсаткичлари белгиланди:

а) сув хўжалиги вазири қуйидагилар учун шахсан жавобгардир:

сув хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, сув ресурсларини бошқариш соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш;

2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепциясини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш;

2020 йилдан бошлаб сув хўжалиги ташкилотларининг сув етказиб бериш бўйича харажатларининг бир қисмини сув истеъмолчилари томонидан қоплаш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш;

сув хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвестициялар, қарзлар ва грантлар жалб қилишни кенгайтириш орқали сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш харажатларининг жами ҳажмидаги бюджет маблағлари улушини босқичма-босқич камайтириш;

сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига фаол кўмаклашиш, замонавий суғориш тизимларини ишлаб чиқариш қувватларини хусусий инвестициялар жалб қилиш ҳисобига кенгайтириш орқали сув тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда суғориладиган ерларнинг улушини суғориладиган ерлар умумий майдонининг камида 10 фоизигача етказиш;

б) вазирнинг биринчи ўринбосари қуйидагилар учун шахсан жавобгардир:

сув хўжалигини институционал, техник ва технологик ривожлантириш, ушбу соҳада фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш;

сув хўжалиги объектларидаги қурилиш-монтаж ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш ҳисобига уларнинг таннархи пасайтирилишини таъминлаш;

сув ресурсларини бошқариш соҳасида бозор механизмларини жорий этиш, сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш орқали фойдаланиш харажатларини камида 15 фоизга қисқартириш;

сув хўжалиги соҳасидаги илмий ва илмий-техник фаолиятнинг жадал ривожлантирилишини таъминлаш, сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳисобига сув хўжалиги соҳасидаги долзарб йўналишлар бўйича камида 10 та илмий ва инновацион ишланмани амалиётга жорий этиш;