Ўзбекистон Республикаси президентининг “Тошкент шаҳрида Шинхан университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда Шинхан университети (Корея Республикаси)ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.
Белгиланишича:
Тошкент шаҳридаги Шинхан университети олий таълим муассасаси - юридик шахс (масъулияти чекланган шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилот) шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга, тасарруфидаги мол-мулк билан ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар ҳисобланади;
Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда Шинхан университети (Корея Республикаси) таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича амалга оширилади;
Университетда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;
абитуриентлар қабули ва Университет битирувчиларини аттестациядан ўтказиш Университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;
Университет битирувчиларига Шинхан университети дипломини беради. Мазкур диплом Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тўғридан-тўғри тан олинади;
Университет ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олгандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишига рухсат этилади;
Университетда таълим олиш инглиз, ўзбек, ва рус тилларида кундузги шаклда, тўлов-контракт асосида ҳамда Университет битирувчиларининг потенциал иш берувчилари - юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари бўйича, шунингдек, ёшларнинг таълим олиши учун аввало мамлакат ҳудудлари томонидан ажратиладиган хайрия эҳсонлар ҳисобига амалга оширилади;
Университет фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб:
республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кийим дизайни, мода дизайни, халқаро туризм менежменти, ҳамширалик иши, шунингдек талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш;
















