Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳайвон эгалари, шу жумладан хўжаликлар, ҳайвондан олинган маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар, идентификация воситаларини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ҳайвонларни идентификация қилиш субъектлари ҳисобланади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган (парваришланадиган) ва урчитиладиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя, ит, мушук, цирк ва ҳайвонот боғи ҳайвонлари, шунингдек, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонлар ҳайвонларни идентификация қилиш объектлари ҳисобланади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳайвонларни идентификация қилишни ташкил этиш;

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат томонидан ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги нормаларни белгилаш;

ҳайвонларни идентификация қилишда назоратни амалга ошириш;

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақланаётган (парваришланаётган) ва урчитилаётган ҳайвонлар белгиланган тартибда идентификация қилиниши, рўйхатга олиниши ва сўйилганда (нобуд бўлганда), экспорт қилинганда рўйхатдан чиқарилиши мажбурийдир.

Идентификация қилинмаган ҳайвонлар, улардан олинган маҳсулот ва хом ашёлар импорт қилишга йўл қўйилмайди.

Идентификация қилинмаган ҳайвонлар ҳамда улардан олинган маҳсулот ва хом ашёларни реализация қилиш тақиқланади.

Шахсий эҳтиёж учун хонадонларда ҳайвонларни сақлашда уларнинг бош сонларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари туғилганидан ўн тўрт кундан кейин бир ойликдан кечикмасдан, қулунлар ва хўтиклар тўрт ойлигидан, чўчқа болалари бир ойлигидан, ит ва мушуклар уч ойлигидан идентификация қилинади.

Цирк ва ҳайвонот боғи ҳайвонлари фойдаланишга олинишидан олдин, шунингдек, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонлар босқичма – босқич идентификация қилинади.