Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низом эълон қилинди.

Қайд этилишича, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантириш пул мукофотлари кўринишида, шунингдек меҳнат фаолиятида юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги эришган ютуқлари учун раҳбарият томонидан асосий иш ҳақига устама ва қўшимча ҳақлар белгилаш орқали бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Устамалар, қўшимча ҳақлар ва мукофотлар миқдори ҳар бир ходимнинг таълим муассасаси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қўшган шахсий ҳиссаларига қараб белгиланади.

Олий таълим муассасаси раҳбарлари (ректор, проректор, филиал директори ва ўринбосарлари)га меҳнат фаолиятида эришган юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги ютуқлари учун устама ва қўшимча ҳақлар ҳамда мукофотлар юқори турувчи ташкилотларнинг тегишли қарорлари (розилиги) билан белгиланади.

Мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим муассасаларининг илмий-интеллектуал салоҳияти ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасаси маъмурияти (ректорати) ҳар йили профессор-ўқитувчи ва ходимлар томонидан бажарилган ишларнинг самарадорлиги ва сифатига қараб моддий рағбатлантириш тартиби ва ҳажмларини белгилаши шарт.

Моддий рағбатлантириш нафақат бир ходим учун, балки таълим муассасаси раҳбарияти ёки бошқа бошқарув органлари томонидан жамоатчилик ишларини бажарган бутун бир жамоа, кафедра, факультет, илмий лаборатория ва бошқа бўлинмалар ходимларига ҳам берилиши мумкин. Бунда, моддий рағбатлантириладиган ходимларнинг рўйхати бажарилган ишларнинг аниқ кўрсаткичлари, эришилган натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим.

Моддий рағбатлантириш кўрсаткичлари ва уни амалга оширилиши

Олий таълим муассасаси раҳбариятига бажарилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида нотўғри маълумот тақдим этган ходимлар моддий рағбатлантирилмайди.

Олий таълим муассасаси раҳбарияти касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда тегишли тузилмавий бўлимларнинг тақдимномалари асосида ходимларни ҳақиқатда бажарган ишлари, амалда эришилган натижалари учун ушбу Низомга ҳамда олий таълим муассасалари томонидан тасдиқланган мезонларга мувофиқ рағбатлантирилади.