“Яшил боғ ва яшил жамоат паркларини ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшаётган шахсларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қарор билан яшил ҳудудларни кенгайтириш, яшил боғ ёки яшил жамоат паркини, ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ушбу жараёнлардаги иштирокини рағбатлантириш мақсадида “Экоҳамкор” мақомини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, камида 1 000 туп дарахт ва бута кўчатидан иборат яшил боғ ёки яшил жамоат парки ташкил этган ёки Яшил хайрия жамғармасига камида 200 миллион сўм хайрия қилган жисмоний ва юридик шахслар «Экоҳамкор» мақомини олиши мумкин.
Мазкур мақом эгаларига яшил боғ ёки паркка ўз номи ёки ташкилоти номини бериш, экологик тадбирлар ўтказиш ҳамда ўз фаолиятини тарғиб қилиш ҳуқуқи берилади.
Шу билан бирга, бу ҳуқуқлардан фойдаланиш жараёнида яшил ҳудудларда ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади.
«Экоҳамкор» мақоми ҳар йили танлов асосида ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 14 нафар жисмоний ва 14 нафар юридик шахсга берилиши назарда тутилган.
«Экоҳамкор» мақомини олганларга давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган тижорат банкларида истеъмол кредити олишда имтиёзлар бериш таклиф этилмоқда.











