Сайтимизда «Самарқанднинг тарихий қисмида ноқонуний қурилишлар давом этмоқда: энди «ГОМ»ни бузиб, «дом» кўтаришмоқда» сарлавҳаси остида самарқандлик мустақил блогер Мирзо Субҳоновнинг суриштирувига асосланган хабар берилган эди.

Мазкур хабардан сўнг блогер М.Субҳонов ўз блогида «Ички ишлар мулки рейдер қурувчидан сақлаб қолинди» сарлавҳаси остида ташкилотларнинг илгариги блогпостига муносабатини эълон қилган.

Блогер Мирзо Субҳоновнинг Самарқанд вилояти қурилиш назорати инспекциясига кўра ёзишича, Самарқанд шаҳридаги «Буран қурувчи сервис» МЧЖ шаҳардаги ижтимоий объектларни бузиб, уларнинг ўрнига қурган кўп қаватли тураржойлар ноқонуний қурилган, деб топилган ва ЮНЕСКО талаби бўйича бузилиши белгиланган Самарқанд шаҳридаги жами 17та объект рўйхатига киритилган.

Блогер Мирзо Субҳонов Kun.uz’га маълум қилишича, «Буран қурувчи сервис» МЧЖ ушбу мақолалар юзасидан уни судга берган.

«Ўтган ҳафта почта орқали фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судидан хат келди. Очиб қарасам — менга нисбатан маънавий зарар иши бўйича чақирув қоғози жўнатилган экан.

Ҳолатга аниқлик китириш мақсадида бугун — 14 октябрь куни Тойлоқ туман судига борганимда «Буран Қурувчи Сервис» МЧЖ суд орқали мен ва яна бир блогердан жами 500.000.000 (беш юз миллион) сўм маънавий зарар талаб қилаётган экан.

Даъвогарнинг аризада билдиришича Kun.uz сайтида эълон қилинган «Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси ўз мулкини рейдер қурувчи «ҳамла»сидан сақлаб қолди» сарлавҳали мақола ортидан унинг қурилиш ишлари тўхтаб қолган.