Ўзбекистон | 09:44 / 16.10.2019
9054
3 дақиқада ўқилади

Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига директор тайинланди 

Фото: Илья Питалев

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига директор тайинланди. Бу ҳақда вазирлик хабарида айтилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 870-сонли қарорига мувофиқ Камолиддин Фахрутдинович Толипов Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги директори лавозимини эгаллади.

Маълумот учун, Камолиддин Толипов бундан олдин “Silk Capital” инвестиция компанияси раҳбари сифатида ишлаган. 

Эслатиб ўтамиз, қуйидагилар Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари этиб белгиланган:

суғурта бозорининг ишлаши ва унинг профессионал иштирокчилари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини, шу жумладан, суғурта фаолияти соҳасидаги статистик ва молиявий кўрсаткичларни мунтазам эълон қилиш йўли билан таъминлаш;

суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта муносабатларининг бошқа иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг суғурта бозорига ишончини оширишга ва жамиятда суғурта маданиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

суғурта бозори мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан, чет элда, шунингдек, халқаро даражадаги экспертлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкил этишга кўмаклашиш;

суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти, суғурта захираларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш бўйича мажбурий норматив ва талабларни белгилаш, шунингдек, самарали суғурта фаолиятини ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан суғурта фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган норматив ва талабларга риоя этилишини назорат қилиш;

суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш, актуарийлар фаолиятини сертификатлаш;

суғурта бозорининг ҳолати ва унинг профессионал иштирокчилари фаолиятининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, масофавий назорат қилиш ва тезкор онлайн-мониторингини олиб бориш бўйича интеграциялаштирилган ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган суғурта хизматларининг талаб юқори бўлган анъанавий турларини ривожлантиришга ва янги турларини жорий қилишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги фаолияти соҳасида суғурта ҳимоясини кучайтириш;

хорижий давлатларнинг ўхшаш тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлар билан суғурта фаолияти соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш.

Мавзуга оид