Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқбузарликка қарши кураш ҳамда хабеас корпус тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасида айтилган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи “Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” ахборот тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш тартибини босқичма-босқич рақамлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилиниши мумкин:

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритувни электрон шаклда юритиш ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузишга ваколатли органлар, судлар ва Мажбурий ижро бюроси, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан маълумотлар алмашинуви имконини берувчи ҳимояланган тизимни, жумладан ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича статистика юритишни автоматлаштириш орқали жорий қилиш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритув амалиётида процессуал ҳужжатларнинг ягона электрон шаклларини ишлаб чиқиш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритиш жараёнларини, жумладан бу турдаги ишлар бўйича электрон иш юритувда тартиб-таомилларни қисқартириш ва ортиқча босқичларни чиқариб ташлаш орқали оптималлаштириш;

процессуал ҳаракатларни амалга ошириш тартибларини, жумладан электрон шаклда далилларни тўплаш, экспертизалар, суд муҳокамаси ўтказиш ва суд қарорларини ижро этиш орқали соддалаштириш.

“Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” лойиҳасини амалиётга жорий қилиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Идоралараро комиссиянинг ишчи органи этиб белгиланади.

Идоралараро комиссия (П. Бобожонов):

“Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” дастлабки лойиҳасини амалга ошириш бўйича иш режасини ҳамда идоралараро комиссия ўртасидаги иш тақсимотини тасдиқлайди;

2021 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрида дастлабки лойиҳа амалга киритилади;

2021 йил 1 июнга қадар дастлабки лойиҳанинг синовлари натижаларидан келиб чиқиб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилиниши муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.