Ўзбекистон | 15:44 / 17.10.2019
8752
2 дақиқада ўқилади

Вазирлик расмийси ОТМ учун квоталар сони кўпайтирилишига изоҳ берди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқов ОТМларда квоталар кўпайтирилишига изоҳ бериб, буни иш берувчиларга танлов имкониятини ошириш билан боғлади.

Бугун, 17 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда қатнашган вазирлик бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов иш берувчи ва ОТМ ўртасида рақобат бўлиши кераклиги ҳақида гапирди.

«Бугунги кунда Ўзбекистонда қабул квоталари 50-60 мингтани ташкил қилаётган бўлса, бу битта иш ўрнига битта квота белгиланганини билдиради. Бунда ҳеч қанақа рақобат бўлмайди ва иш берувчи унга иш беришга мажбур бўлади.  

Бироқ квота кўпайса, битта ўринга битта эмас, 4-5 нафар талабгор тўғри келади. Ва шунинг билан иш берувчига танлаб олиш имкони яратилади.

Техникага алоқадор йўналишни турли хил ОТМларда тугатган битирувчилар ишга кириш учун боришганда танловдан ўтган талабгоргина ўша ерда ходим сифатида қолади. Ва у бошқаларга ҳам ўзи тугатган ОТМни тавсия қилади. Натижада, иш берувчи ва ОТМ ўртасида рақобат юзага келади. Биз мана шу нарсага эришмасак, сифатга баҳо бериш қийин бўлади», дея вазирлик бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг қўшимча қилишича, университетларда моддий-техник база бойитилгани, кредит-модуль тизимига ўтилгани билан агар иш берувчи битирувчига яхши баҳо бермаса, уларнинг аҳамияти катта бўлмайди.

Мавзуга оид