Жамият | 14:13 / 19.10.2019
21911
3 дақиқада ўқилади

Наманган ва Андижон вилоятларида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётган бир нечта шахс ДХХ томонидан қўлга олинди

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи бир неча шахс фаолиятига чек қўйилди.

ДХХ матбуот хизматининг маълум қилишича, Наманган шаҳрида яшовчи Э.М., М.Л. ва Б.Т. гиёҳвандлик моддасини харид қилиш мақсадида Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Ахси туманига боришади. У ерда «Элнур» исмли шахсдан 2 кг 942 г «гашиш»ни 15 минг АҚШ долларига харид қилишга келишиб, пулни олиб келгунга қадар гаров тариқасида М.Л.нинг фуқаролик паспортини ҳамда Б.Т.нинг ўзини Қирғизистон ҳудудида қолдиришади. Шундан сўнг Э.М. Ўзбекистонга қайтиб келади, М.Л. эса гиёҳванд моддани айланма йўллар орқали мамлакатимизга олиб киради. Лекин, оғуни Э.М.га бераётган вақтда уларнинг иккаласи ҳам қўлга олинади.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, Б.Т. ҳам қўшни мамлакатдан олиб келинади. Текширувлар давомида унинг уйидан 158 г «гашиш» моддаси топилади.

Шунингдек, ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган бошқа бир тезкор тадбир давомида 1973 йилда Наманган шаҳрида туғилган, муқаддам судланган, М.Р. вилоят марказидаги «Сарбон» тантаналар мажмуаси олдида Қирғизистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилган 7 кг 667 г «гашиш» моддасини олиб кетаётган вақтида ушланган.

Бу каби ҳолатлар Андижон вилоятида ҳам қайд этилган.

Чунончи, 1987 йил Андижон шаҳрида туғилган Ў.Х.га қирғизистонлик «Дилбар» исмли аёл «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасини ажратиб турувчи Шаҳрихонсой каналига қўшни давлат ҳудудида туриб, «гашиш» гиёҳвандлик моддаси жойланган 5 дона елим идишларни оқизиб юборади. Ў.Х. эса келишилган вақтда ушбу елим идишларни каналнинг Қўрғонтепа тумани «Маъмуробод» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган қисмидан қабул қилиб олади. Шундан сўнг Ў.Х. ҳамтовоғи Ж.Х. бошқарувидаги «Cobalt» автомобилида гиёҳвандлик моддасини Андижон шаҳрига олиб кетаётган вақтда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. Текширув давомида уларнинг ёнида 1 кг 982 г «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган Л.Л. ҳам қирғизистонлик «Абдулазиз» исмли шахс томонидан Шаҳрихонсой канали орқали оқизиб юборилган 2 кг 810 г «гашиш» моддасини қабул қилиб олиб, келгусида сотиш учун ўз яшаш хонадонига яшириб қўйишган. ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу гиёҳванд модда ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида оғуфурушлардан жами 15 кг 559 г «гашиш» гиёҳванд моддаси ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид