Бугунги кунда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари дунёнинг турли мамлакатларида қонуний ёки ноқонуний ҳолатда бўлсин, оиласига 4-5 сўм юбориш илинжида меҳнат қилиб келишмоқда. Бу муаммо давлат раҳбарияти томонидан ҳам эътироф этилиб, уларга қулайликлар ва муносиб шароитлар барпо қилиш, қийналиб қолган ҳамда вафот этган ватандошларни Ўзбекистонга олиб келиш борасида фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг энг йирик «контингенти», шубҳасиз, Россияда. Шунингдек, Туркия, Жанубий Корея, БАА, Европа, АҚШ ва бошқа мамлакатларда ҳам меҳнат қилаётган ўзбеклар кўпчиликни ташкил этади.
Туркияда ишлаётган ўзбекларнинг айримлари билан учрашиб, уларнинг меҳнат шароитлари, уларни қийнаётган муаммоларга қизиқдик. Ўзбекистонда ҳамшира бўлиб ишлаган, сўнгги 2 йил давомида туркиялик кекса кишиларга қараган ватандошимиз нима учун Туркияга келишга қарор қилгани ва бу мамлакатда иш топиш жараёнлари, шунингдек, қандай шарт эвазига ватанга қайтиши мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилди.
— Шу ердаги маошни Ўзбекистонда беришса, қайтиб борган бўлармидингиз?
— Ҳаётда келмасдим. Нафақат Туркия, Ўзбекистоннинг остонасидан қадам хатлаб чиқмасдим. Бу ерда 500 доллар ойликка ишлаймиз. [Ўзбекистонда] бизга 300 доллар берсин. 2 млн [сўм] берсин, 200 доллар бўлади. 2 млн ойлик берса, ҳозир қизларимни жўнатиб юбораман. Менга берсин шу ойликни, мен кетаман. Эримга берганида ҳам кўчага чиқиб ишламас эдим.
Қизим ҳамшира, ўзим ҳамшира. Ҳамшираларнинг ойлигини бир суриштириб кўринг-чи?! Категория олиши учун 300 доллар сарфладим, қизимга. Яна коррупцияга қарши кураш, дейишяпти. Ҳечам коррупция йўқолгани йўқ. Шу ердан 500 доллар жўнатдим. 300 доллар пора берди, 200 долларга малака оширди. 0,25 ставкага ишга қабул қилди тез ёрдамга. Ундаям ҳайдовчи эркак, шифокор эркак, деб куёвим чиқариб олди. 0,25 ставканинг ойлиги ҳеч қанча эмас, 400 минг сўмга ҳам етмас экан. Энди у нима бўлади? Ўртача ойликни 2 млн сўм қилиб қўйсин, ҳеч ким келмайди. Осонмас бу ерда. Соғинч эзиб ташлайди одамни. Бир кунда 10 марта қўнғироқ қиламан уйимга.
Келишимга йўқчилик сабаб бўлган. Эрим қоровул бўлиб ишлайди. Пенсия учун ишлаяпти, тўғриси. 3 фарзандим бор. Катта қизимни чиқарганимда ўзимизга тўқ яшардик. Савдогарлик қилардим. Кейин банкрот бўлдим. Мен Туркияга келмасдан аввал, эрим 360 минг сўм ойлик оларди. Ўшандаям ёғ 45 минг сўм [5 литр ёғ] эди. Энди ҳисоб-китоб қилинг ўзингиз. Савдогарлик қилган вақтимда олган нарсаларимни сотиб едик. Қирғизистондан юк чиқарардик. Кейин Қирғизистон [чегара] ҳам ёпилиб кетди...

















