«Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастурида берилган лавҳа асосида ижтимоий тармоқларда «Қаршида калтакланган шифокорлар: марҳумнинг яқинлари «Тез ёрдам»нинг кечикканини таъкидлашмоқда» мазмунидаги фикр-мулоҳазалар тарқалгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатни яна бир бор ўрганиб, вазият юзасидан қўшимча маълумот берди.
Дастлабки қўнғироқ хусусида
Аввал маълум қилганимиздек, жорий йилнинг 16 октябрь куни соат 08:28да РШТЁИМ Қарши филиали тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига Қарши шаҳри Депо кўчаси 28-уйга ... 99 64 рақамидан чақириқ бўлган. Қўнғироқ қилган киши 1967 йилда туғилган фуқаро Г.Ш. ҳушсиз эканлигини маълум қилган.
Чақириққа тез тиббий ёрдам бригадаси «Hyundai» автомашинасида соат 08:36да юборилган. Бригада аъзолари берилган манзилга соат 08:42да етиб келишган (сирена ва мигалка ёқилган ҳолда).
Кўриниб турибдики, бригада машина станциядан юборилганидан хонадонга етиб боргунича ўтган вақт 6 дақиқани ташкил этади, холос. Автомашина неча дақиқада етиб борганини исботлаш учун у юрган йўлдаги чорраҳаларда ўрнатилган видеокамералар тасвирларини кузатиш кифоя. Манзилда тез тиббий ёрдам ходимларини шахсиятга тегадиган ҳақоратли гаплар билан кутиб олишган ва улар биологик ўлим чақириқдан анча олдин қайд этилганини билдиришганидан сўнг аёвсиз калтакланган.
Тез тиббий ёрдам навбатчи шифокори ва фельдшер ўзлари борган автомашинада РШТЁИМнинг Қарши филиалига олиб келинган, мутахассислар кўриги ва стандарт текширувлардан кейин нейрохирургия бўлимига даволаниш учун ётқизилган. Ички ишлар ходимларига хабар берилган.
Кейинги 3та қўнғироқ...
Соат 08:28дан кейин соат 08:42гача мазкур манзилдан «103» телефонига ҳар хил мобиль рақамлардан 3 марта қўпол ва таҳдидли муомала билан қилинган қўнғироқларни диспетчерлар қабул қилишган ва манзилга аллақачон тез тиббий ёрдам бригадаси юборилганини билдиришган.
Тўртинчи қўнғироқ...
Шу куни соат 09:01да ...95 64 рақами орқали мазкур манзилга асоссиз равишда яна тез тиббий ёрдам бригадаси сўралган.
Бу вақтда диспетчерлар дастлабки чақириққа борган шифокор ва фельдшерга чақириқ берилган фуқаронинг қариндошлари томонидан тажовуз қилингани, чақириқ берилган фуқаро вафот этганини билишган ва ички ишлар ходимларига хабар беришган.
Соат 09:01даги мурожаат бўйича соат 09:02да ўша хонадонга бошқа тез тиббий ёрдам бригадасини «Hyundai» автомашинасида линиядан жўнатишган. Бригада соат 09:08да манзилга борган. Аммо шифокорга марҳумнинг яқинлари уни шифохонага олиб кетишганини билдиришган. Шу тарзда яна оворагарчиликка йўл қўйилган.

















