Ўзбекистон | 10:10 / 23.10.2019
58782
4 дақиқада ўқилади

Аҳмед Алиев: «Биз президент атрофида бирлашишимиз керак»

21 октябрь куни етти йил «Жаслиқ» қамоқхонасида маҳбусликда бўлган «Алиев заргари» (Gold Center) заргарлик компанияси раҳбари Аҳмед Алиев Тошкентда ўтказилган матбуот анжумани давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан миннатдор эканлигини билдирди.

Фото: Газета.uz

«Мен ўзбек халқининг фарзандиман. Шу ернинг нонини еяпман, бу менинг халқим, халқимни жудаям ҳурмат қиламан ва севаман. Мен Худо ёрлақаган ва муқаддас Ўзбекистон заминидагилар бахтли яшашини истайман. Улар эрталаб туриб кечгача қамоққа олиб кетишадими-йўқми деб ўйлаб қўрқмасликларини, эркакларимиз ўз оилаларини ташлаб уларни боқиш учун ишлаб пул топгани чет элларга кетмасликларини, Ўзбекистонда барқарорлик бўлишини истайман. Бунинг учун биринчи навбатда бизга нима керак? Биз бирлашишимиз керак. Халқ президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев атрофида бирлашишимиз даркор. 

Мен ҳозир айтадиган гаплар Ўзбекистон махсус хизматлари ёки кимнингдир буйруғи билан айтилмаяпти. Бу сўзлар тилимдан эмас, юрагимдан, қон томаётган юрагимдан чиқяпти. Бугунги кунда менинг шахсий фикримча, Президент фармонлари ва ислоҳотлари саботаж қилинмоқда. Президент кўзлаган мақсадларини амалга ошира оладими? Келинг, шу мавзуда гаплашамиз. Аввалги ва бугунги даврни солиштирамиз. Ўша даврларда мен мана бундай матбуот анжумани ўтказа олармидим? Йўқ! Сўз эркинлиги бор ҳозир. Ҳозирда журналистларни таъқиб қилишяптими? Йўқ! 

Давом этамиз. Марказий Осиёнинг қайси давлати билан яхши муносабатда эдик? Келинг, тўғрисини айтамиз. Ҳеч бири билан яхши муносабатда эмасдик.  Бугун эса нафақат дўстона, балки қардошларча муносабатдамиз. Ҳозир темир йўллар очиқ, янги авиацион рейслар, қўшма корхоналар очилмоқда. Бу ерда 25 йил яшаб фуқаролик ололмаган одамлар фуқаролик олди. Янги тиббий ускуналар сотиб олинди, хорижлик шифокорлар келиб маслаҳатлар беришмоқда. Уйга муҳтожларга уйлар берилмоқда.

Мен Тошкентда деярли саккиз йил бўлмадим. Ҳозир шаҳарда олиб борилаётган қурилишлардан ҳайратдаман. Бу ким учун? Халқ учун! 

«Жаслиқ»даги қамоқхонада ўтирганимда, телевизор орқали Шавкат Миромоновичнинг чиқишини, унинг «погонли бўрилар»ни ишдан олиб ташлашини кўрган, инсонийлик, яхшилик, судлар ишига аралашмаслик ҳақидаги гапларини эшитган маҳбусларнинг кўзларидан оққан ёшлар юзларини ювганини кўрганман. Ноқонуний қамалган, фарзандлари қандай ўсаётганини кўришдан маҳрум бўлган қанчадан-қанча инсонлар озодликка чиқди. Шавкат Мирзиёев кўплаб инсонлар кўзларидаги ёшларни аритди», дейди Алиев.

Аҳмед Алиев матбуот анжумани давомида «Жаслиқ» қамоқхонасидаги шароит ва маҳбуслар дуч келган қийноқлар ҳақида ҳам гапириб берганди.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмед Алиев 2012 йили ҳибсга олинган, унга нисбатан Жиноят кодексининг 23 та моддаси бўйича айблов эълон қилинган. 2013 йили эса у уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбдор деб топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. 2019 йил сентябрида эса жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди «Алиев иши»ни қайта кўриб чиқиб, уни суд залидан озод қилган эди.

Алиевнинг сўзларига кўра, унинг қамалишига бир томондан иқтисодий, бошқа томондан эса сиёсий сабаблар бўлган. Унинг ўзи қамалишида сиёсий сабабларни асосий рол ўйнаган деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид